top of page

ТУТАШ ДУНЁЛАР

Марҳум жўраларим, Эслайман сизни, Энди айлангансиз тушга, рўёга. Бирма-бир кетдингиз тарк этиб бизни, Бошқа ўлчовдаги бошқа дунёга.

Балки ўзга эрур унда тизим ҳам, Хаёлга эрк бериб, тахмин қиламан. Қанчалик рангбаранг бўлмасин олам, Руҳингиз ўшадир, буни биламан.

Сирли хилқатингиз ўзингизга хос, Албатта фарқлидир одат-тарзингиз. Ҳеч кимда бойлик йўқ, ҳеч кимда либос, Демакки, ҳеч кимдан йўқдир қарзингиз.

Сизни кўргим келар, соғинаман гоҳ, Ўтса томошалар, байрам, кўриклар. Чеҳрангиз намоён бўлар баногоҳ, Менинг яккалашса манов тириклар.

Майли турсангиз ҳам чексиз йироқда, Оромда ётгайсиз, мудом кўнгил тўқ. Уруш бегонадир, ҳатто у ёқда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти йўқ.

Жами эзгуликни қутлайсиз бешак, Ажратмай Шимолу Жануб ёқларни. Мажлис ҳам қилмассиз, билмассиз демак Коридорда юрган мақтанчоқларни.

Содиқ фариштангиз поспондир, илло Хонангиз – коинот мудом саришта. Ерда рўзғор қилса бир кун мабодо, Ақлдан озарди ўша фаришта.

Эслайман сизларни шу дам Шукуржон, Дўстим Убайдуллоҳ, азизим Ўткур. Дуолар қиламан, мақтайман чунон, Илоҳо, руҳингиз бўлсин тинч, масрур.

Лекин куйингайман дўст деб барибир, Ахир тириклик ҳам ҳикмат-ку азал. Сизни эслаганда эсланар қадр, Бу – ноқис дунёда ибрат ҳар маҳал!

Сира унут бўлмас суронли ҳаёт, Кураш ва ғалаба, турфа хил ҳислар. Сизни тушимизда кўргаймиз бот-бот, Балки сизнинг тушга киргай мажлислар.

17.04.2015


Arxiv
bottom of page