top of page

ЎРМОНДАГИ ВОҚЕА


Атаб душманига ёки дўстига, Бомба ташладилар ўрмон устига.

Бироқ у негадир портламай қолди, Ўрмон ўртасида тошдай жой олди.

Ҳайвонлар қизиқиб кела бошлашди, Аввал ҳадиксираб назар ташлашди.

– Бу не? – деб бошини қашлади бўри, Лол эди арслон ҳам – ҳайвонлар зўри.

Ҳеч нени тушунмас айиқ ва сичқон, Анқайиб туришар қушлар ҳам ғужғон.

Ҳидлаб кўришдилар, ялашдилар, бас, Англаб етдиларки, уни еб бўлмас.

Ҳайвонлар тарқалди йиғилган жойдан, Шўрликлар, бомбани билишсин қайдан?

Аслида илдизи биттадир ҳаёт, Яшашга ҳақлидир жами махлуқот.

Тирикликка шуни қилдингми эҳсон, Тафаккур соҳиби, муҳтарам Инсон!

03.05.2015


Arxiv
bottom of page