top of page

БАНДЛИК


Нафақачи деб билманг мени, Ғоят бандман, жуда ҳам бандман. Пойгаларни унутиб, энди Омоч тортган отга монандман.

Билиб, сезиб юрибман мен ҳам, Атрофимда қанча дўст ва ёв. Балки қай бир қаламкаш жўрам Кутиб турар мендан ҳам мақтов.

Ҳар кун бир гап чиқади, шукур, Муаммолар учрар қадамда. Чарчамайди ғанимим тушкур, Йиқитмоқчи бўлар ҳар дамда.

Юмушим кўп, оч қолар ахир Мен бўлмасам, ҳасадгўйларим. Боз устига тинмас, бесабр, Қалбимдаги шеърим, ўйларим.

Ҳали мени кутмоқда сафар, Буюк дўстим – ҳаётга видо. Аҳволимни тушун, биродар, Жуда бандман, ба ҳаққи Худо.

08.05.2015


Arxiv
bottom of page