top of page

ПАХСА УЙ


Боболардан қолган пахса уй, мана, Обдон оёқ билан пишитилган лой. Қурилган чоғида бундай бошпана Бор эди на қалъа, на бирор сарой.

Ўтиб неча аср, балки милён йил, Олимлар қазишар ерни галма-гал. Уларга топилдиқ оддий пахса-гил, Ганчдан ҳам қадимий, мармардан аввал.

– Зарур бўлса қурган кошонамга боқ! Бу – Ҳазрат Темурнинг мағрур сўзлари. Қўшни деворда-чи, турибди шундоқ Пахсакаш аждоднинг панжа излари.

Бинолар бўй чўзар энди пайдар-пай, Ахир биз гувоҳмиз бошқа айёмга. Бироқ шеърлар ёзиб, ичган билан май Тенг кела олурми биров Ҳайёмга.

Шундоқ турфа эрур аслида одам, Ўзини ҳар ишда этгай намоён. Унинг бир оёғи ойда бўлса ҳам, Бири пахса лойни тепкилар ҳамон.

22.052015


Arxiv
bottom of page