КЎПРИК
Чегарада, Кўприк устида, Турар эди мағрур бир инсон. Гап уқтирар балки дўстига, Набираси эса ёнма-ён.
У бир замон аждодлар топган Худоларга ўхшаб кетарди. Эгнига шер терисин ёпган Паҳлавондек ўзин тутарди.
Кўзларида ёнарди нафрат, Овозида қаҳр, қалдироқ. Ғазаб билан сўзларди фақат, Ёш оқарди кўзидан бироқ:
– Эллар аро қўймиш чегара, Иблисларга қолмиш бу олам. Шу кўприкнинг ортига қара, Катта дунё бор эди, болам.
Улар бизни камситди ҳар вақт, Улар учун йўқ эди Худо. Саёҳатнинг ўзи-ку бир бахт, Ўшандан ҳам қилдилар жудо.
Давринг келди энди болажон, Ғолибларнинг сафига киргил. Сеники ҳам ахир бу жаҳон, Икки зотнинг биридек юргил.
Набира дер: – Ўзгарди дунё, Кўринг, олам бўёқларини. Бобо тирик турарди, аммо Синдиришган оёқларини.
05.07.2015