top of page

АТЛАНТИКА


Қуш ҳам ўтолмайди Атлантикадан,

Ахир учолмайди муттасил бир ой.

Хабар тарқаса-чи, манов чеккадан,

Дақиқа етарли бунга, ҳойнаҳой.

Мен орзу қилардим,буткул жаҳонда

Тумандек тарқаса кўнгил ғашлари.

Садо бериб турса ҳар икки ёнда

Биллур қадаҳларнинг жаранглашлари.

Мен орзу қилардим, инсон нафасин

Ҳар қайда ҳис қилсанг юзга теккудак.

Бу ёнда айтилган она алласин

У ёнда эшитиб тин олса гўдак.

Мен орзу қилардим, бепоён уммон

Кўприкдек елкасин тутиб турса жим.

Олис Самарқандда янграгач азон

Саждага бош қўйса далласлик муслим.

Орзуни олмадим асло осмондан,

Бугун хаёл эмас қутлуғ сафарлар.

Қушлар учиб ўтсин майли уммондан,

Фақат тарқамасин нохуш ҳабарлар.

АҚШ. Хьюстон 25.07.15


Arxiv
bottom of page