УЗР
Ҳангома кўп учрар ҳаётга доир,
Кекса бир қаламкаш одам бор эди.
Сизга кўп ёмонлик қилганман, шоир,
Кечиринг, узримни сўрайман, деди.
Балки раҳмат дейсан шунисига ҳам,
Гуноҳин бўйнига олмиш-ку инсон.
Сен гугурт чаққанда ёнсаю олам,
Узрингдан не фойда, эй сўқир, нодон.
Аттангки, қайдадир ношуд шифокор
Кимнингдир дилбандин айлади нобуд.
Унга узрларнинг не кераги бор,
Қўлма-қўл кетмоқда кичкинтой тобут.
Сиз менинг умримни қилдингиз адо,
Турфа пучмоқлардан бўлган ҳужумлар.
У темир панжалар юракни борҳо
Анорни сиққандек, эзиб ғижимлар.
Кун-бакун тараққий этмоқда дунё,
Ногоҳ одамкушни топмоқ ҳам қийин.
Ҳозирги маданий жаллодлар ҳатто
Аввал узр сўраб, сўйишар кейин.
АҚШ, Хьюстон. 31.07.2015