БЕГОНА ОДАМ
(Эсдаликлардан)
Саҳро қўйнидаги тап- тақир қирлар,
Сокин, осойишта, мўжаз бир қишлоқ.
Тарқалиб қоларди шивир – шивирлар,
Мусофир йўловчи келганда бироқ.
Дерди, бир- бирига одамлар мубҳам:
-Қишлоқда юрибди бегона одам.
У қайдан келмишдир? Балки, эҳтимол
Уйидан бош олиб кетган қаландар.
Ўғридир, каззобдир, молингга завол,
Ё жонни олгувчи ажалдан баттар.
Ишқилиб, бўлмасин ёвуз, шум қадам:
-Қишлоқда юрибди бегона одам.
Бир вақтлар келарди айғоқчи меҳмон,
Ҳамманинг бисотин рўйхат қиларди.
Қанчалаб шўрликни айлаб қатағон,
Қайга жўнатишни ўзи биларди.
Ёш -қари боқарди атрофга пурғам:
-Қишлокда юрибди бегона одам.
Элу юрт қолганди қўрқиб, безиллаб,
Йўлда кўтарилган чангдан ҳадик бор.
Яшарди юраги мудом сизиллаб,
Ўлиб ўлмаганди, тириклайин хор.
Очма эшигингни, Хизр келса ҳам:
-Қишлоқда юрибди бегона одам.
Сен мендан хавотир олма, қишлоғим,
Мен ҳам ўзинг каби озурда жонман.
Тикандан тилиниб кетган ҳар ёғим,
Туғилган гўшамсан, сенга меҳмонман.
Демагин шу лаҳза, демагин шу дам:
-Қишлоқда юрибди бегона одам.
АҚШ, Техас. 12.08.2015