top of page

САФАРДОШ


Сен билан заминни кезардим албат,

Баҳам кўрар эдим мушкул чоғларни.

Фақат чиқиб қолар ғалати ҳолат,

Бу нима? - дер эдинг, юксак тоғларни.

Сен билан баҳрга бурар эдим юз,

Денгизлар қўйнида урардим жавлон.

Фақат қўрқаманки, бошлар эдинг сўз:

-Нима дегани у, денгиз ва уммон?

Сен билан ўтардим саҳролар оша,

Офтобда қорайиб, қизартириб тан.

Фақат барчасини қилгач томоша,

Бу қандай кўргулик, дердинг дафъатан.

Бахт деган туйғу бор оламда тансиқ,

Балки излар эдик биз уни узоқ.

Бахтни мен ўзим ҳам билмайман аниқ,

У қандай емишдир, дердинг сен, бироқ.

Охири қайтардик, йўл босиб тинмай,

Кимсасиз, бенаво, ғариб ўлкангга.

Ҳафсаланг пир бўлиб, энди бутунлай

Кириб кетар эдинг мўжаз кулбангга.

АҚШ. ХЬЮСТОН, 17.08.2015.


Arxiv
bottom of page