top of page

УММОН БЎЙИДАГИ ЎЙЛАР

Уммон соҳилида кезаман бедор,

Тонг қолиб Тангрининг мўъжизасига.

Қулоғим тутаман такрор ва такрор,

Ҳаётнинг абадий, ўлмас сасига.

Эзгу дийдор учун айтаман рахмат,

Мавжларга қўшилиб кетади сўзим.

Тутган бир қўлимдан куёвим Аҳмад,

Бир қўлимдан эса Мавлуда қизим.

Шукурлар дейману кўзим ёшлайман,

Жажжи набиралар меҳрига қона.

Ирим, деб уммонга танга ташлайман,

Зора, қайтиб келсам сен томон яна.

Менинг кўз ўнгимдан ҳар лаҳза, ҳар дам

Асло кетган эмас юртим жамоли.

Узоқ бу уммонда сузиб юрсам ҳам,

Юзимга урилди гўё шамоли.

Ҳамиша ўзингдан олдда бўл, Инсон,

Бу дунё барчага баробар, билгил.

Тепангда турган шу думалоқ осмон,

Шарқда ҳам мавжуддир, тасаввур қилгил.

Аллоҳ даргоҳига рухсатин бериб,

Таклиф этилсайди жами одамзод.

Бошқалар қатори кўксини кериб,

Ўзбек ҳам юрарди мамнун ҳамда шод.

Худо яратмаган сарҳадлар ясаб,

Бандаси орттиргай ўзига малол.

У юксак бўлмади тоғларга ўхшаб,

Кенг ҳам бўлолмади уммонлар мисол.

Ўзга маъволарга келдим мен нечун,

Бегона жойларга меҳримни сочиб.

Олис йўллар босдим сиҳатим учун,

Балки ғавғолардан нарига қочиб.

Бир мантиқ ҳаётда учрайди бироқ,

Қошида милёнлар ўйга толгайдир.

Ёмонлик тилаган яшайди узоқ,

Яхшилик қилганлар ночор қолгайдир.

Қўшнининг мушуги эринмай асло,

Бизнинг ертўлада овлайди сичқон.

Ҳозирча туш менга мансубдир, аммо,

У ҳам қўлга тушгай, топсалар имкон.

Афсуслар чекаман Маҳшаргача то,

Унутдим ўз арким кўнгурасини.

Нима деяримни билмасдан ҳатто

Чалдим бировларнинг дўмбирасини.

Бугун ҳеч кимсага келтирмас шараф

Ясама шуҳрату сохта савлатлар.

Лекин иймон келтир тегрангга қараб,

Бордир буюк зотлар, улуғ давлатлар.

Жаноб Расулуллоҳ айлаб марҳамат,

Чақирмиш умматин бардош, сабрга.

Дедилар, ўтганни қарғаманг минбаъд,

Тегманг улар ётган гўрга -қабрга.

Мени - ку тириклай маҳв этди булар,

Ҳатто бездирдилар буткул оламдан.

Бундай қабоҳатдан тоғлар ҳам қулар,

Денгизлар шўр тортар бундай аламдан.

Қирғий учиб юрса ҳовлинг узра гар,

Товуқда қоларми бирорта жўжа.

Юртни таладилар неча- неча ғар,

Неча қорача- ю, неча бир хўжа.

Менга ажабланиб қарама, болам,

Ҳамроҳинг бўлолсин бардош ва тоқат.

Мен балки кексайиб, чарчаган одам,

Холислик излаган куйчиман фақат.

Топсам эзгуликни чулғади сурур,

Баробар туюлди ёзим ва қишим.

Адолат қалбимга бахш этди ҳузур,

Бошқа юмуш билан йўқ зарра ишим.

Мудом ҳаёлимда у қутлуғ аждод,

Муборак тафтлари қуёшлар қадар.

Магарким, уларга эканман авлод,

Нега йўқолайин номсиз ва бадар?

Зурёдим эрурсан ўзинг, набирам,

Олгин юлдузларни қўлингни чўзиб.

Ахир қоним жўшар танингда шу дам,

Нега сен кетмассан мендан ҳам ўзиб.

Бир умр курашдик орзулар учун,

Ҳавойи сўз айтиб, ўртама жонни.

Дунё карвонининг бошида бир кун

Кўрсам етарлидир, Ўзбекистонни.

А.Қ.Ш. Атлантика. 01. 09. 2015


Arxiv
bottom of page