ЎҒРИЛАР ҲАҚИДА БАЛЛАДА

 

Гўзал ҳислар туҳфа бўлмиш бизга баробар,

Уйимизни безагаймиз бериб оро, зеб.

Бошқаларни камситмагин асло, биродар,

Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.

 

Энг аввало, ўғриликни қўяр жойига,

Хумчаларни тўлдиради илик мойига.

Сўнг жўнайди маишатга-тоғнинг пойига,

Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.

 

У албатта ўйлаб кўрар ҳамма ёғини,

Май ичишга топар ҳатто бош чаноғини.

Отарчилар ўраб олар сўлу соғини,

Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.

 

Сулувларни қадрлайди бу қавм хушҳол,

Кўзи тушса, қўрғонига келтиргай дарҳол.

Қийшиқ жойи бўлса агар босгайдир дазмол,

Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.

 

Ақли бутун, яхши билгай недир гуноҳи,

Юрагини тилкалайди гўдаклар оҳи.

Ажаб ҳолдир, шоирларга тегмайди гоҳи,

Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.

 

Зўрлари бор, мардман дея кўкрагин керар,

Дуч келганни олабермай, яхшисин терар.

Уй эгаси касал бўлса, дорисин берар,

Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.

 

Моданинг у олдидадир, кийинар башанг,

Эгнидаги либослари талашади ранг.

Ўла қолса, туфлисига қўндирмайди чанг,

Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.

 

Ҳар жойда ҳам иш вақти бор, беш-олти соат,

Хизматчилар шунга аранг қилгайлар тоқат.

Фақат ўғри юмушидан топгайдир роҳат,

Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.

 

Барча соҳа олға қараб кетмоқда борҳо,

Томни тешиш шарт эмасдир энди мутлақо.

Қўйсанг басдир керак жойда ўхшатиб имзо,

Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.

 

Ўйлаб боқсам, кўп нарсанинг эгаси шулар,

Буюк-буюк шаҳарларда яшайди улар.

Ўғри деб кўр, ўша куни паймонанг тўлар,

Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.

 

                    А.Қ.Ш. Хьюстон.  13.09.2015





 

Please reload

ИНСОН

12.01.2017

1/10
Please reload

17.12.2019

17.12.2019

16.12.2019

Please reload

Arxiv
Please reload