МАСЛАҲАТ

 

                                       Шоир укам Алишерга

 

Ишинг сира юришмайди, Алишер Назар,

Ҳолбуки, сен яхши шоир, тўғри сўз инсон.

Ташхисингни қўйиб берай, хоҳласанг агар,

Хушомадни билмагайсан, бу - катта нуқсон.

 

Лекин уни ўргатувчи йўқ бирор мактаб,

Бехабарсан оддийгина ишлардан, аттанг.

Биринчидан, рухсат олмай айта кўрма гап,

Иккинчидан, хўжайининг маънавий отанг.

 

Тонгда бориб идорага, йўлини пойла,

Чунки ўзинг очмоғинг шарт эшикни ахир.

Ёрдамчисин алдаб-сўлдаб, бартараф айла,

Таъзим қилиб туравер сўнг, мисоли фақир.

 

Эртаси кун етказ унга кўрган тушингни:

Қуёш билан чиққанмишсиз кўкка баробар.

Аста-секин тутиб олгин, укам, ўзингни,

Энди содиқ хизматчисан, ҳатто биродар.

 

Ходимларни текширишар баъзан атайин,

Сен ҳақингда  гап бошласа хўжайин ногоҳ.

Сира- сира  паст тушмагин, дегил, нетайин

Сизга хизмат қилиш учун жўнатган Аллоҳ.

 

Қарабсан-ки, обрў энди бормоқда ошиб,

Номинг атроф теваракка танилди анча.

Котиба ҳам кўрганида қолади шошиб,

Хўжайиннинг одами, деб ҳайиқар барча.

 

Уйингизга бозор қилиб бордим, деб айтма,

Уйимизга ўтдим, дегил, бозорча қилиб.

Камтарлик ҳам иш беради энг нозик пайтда,

Шукур, деб қўй, шляпасин илгакга илиб.

 

Ҳаёт жуда катта уммон, билмайди сарҳад,

Шу жумладан, хушомаднинг йўқ учи- кети.

Ушбу гапдан хўжайининг қувонар беҳад:

Сизникидек ҳуролмайди қўшнининг ити.

 

Мана, охир етиб келдинг улуғ маррага,

Босиб ўтган шонли йўлинг зафарга далил.

Мақтовларни оширгину милён каррага,

Бошқаларни ёмонлашни бошлайвер дадил.

 

Маслаҳатим кимларгадир ёқмас муқаррар,

Лекин ёз, деб қистайверар тажриба мени.

Хўжайининг нафақага кетса ҳам агар,

Ҳеч шубҳасиз, қолдиради ўрнига сени.

 

                А.Қ.Ш.Хьюстон. 9.15.2015

 

 



 

Please reload

ИНСОН

12.01.2017

1/10
Please reload

17.12.2019

17.12.2019

16.12.2019

Please reload

Arxiv
Please reload