top of page

МАНГУ ПАНОҲ


Озроққина меҳр бергил,

Бизларга, Аллоҳ,

Озроққина шафқат ҳам бер,

Қодир Худойим.

Ер юзини қоплаб борар

Фақат оҳу воҳ,

Ҳамма жойда бамисоли

Қиёмат қойим.

Ошёнига яқин келмас

Қушлар ҳам асло,

Дарахтини чирмаб олса

Агарда илон.

Уясига қадам босмас

Бўрилар ҳатто,

Агар сезса шу атрофда

Борлигин қопқон.

Инсон ахир Инсон эрур,

Яширмоқ нега,

Кун кўрар у хонадонин

Ҳолига қараб.

Агар бир кун мушук каби

Қолса беэга,

Юрмас ахир нола чекиб,

Эшикни тирнаб.

Фарзандлардан буюрмаса

Фожеадир бу,

Ота энди ўз-ўзига

Қилгай маломат.

Бир замонлар қартайганда

Падарин, ёҳу,

Ғорга элтиб ташлаганлар,

Қандоқ жаҳолат!

Қадрдонлар ажраб кетар,

Бирдан, ногаҳон.

Айри тушар балки машъум

Манфаат сабаб.

Бундай чоғда одам кимга

Суянсин нолон,

Наҳот, дўстлик рўё эрур,

Кечиргин, ё Раб.

Қашқирларнинг тўдасида

Қолса биров гар,

Ким ҳимоя қилар эди

Уни шу фурсат.

Бир ожизга беришмаса

Мадад муқаррар,

Ғолибман деб бонг ургайдир

Ёвузлик албат.

Кўз ташлайман олис ўтмиш

Қаърига гоҳо,

Тарих мудом ботирларнинг

Ёнини олган.

Енгиб чиққан курашларда

Алпомиш борҳо,

Прометей ўт-оловни

Сақлаб қололган.

Парвардигор, сен бандангни

Қилдинг ҳимоят,

Яна ўзинг мурувватлар

Айлагил эҳсон.

Одамзодга эзгуликни

Қайтиб бер фақат,

Ёлғиз сенинг паноҳингда

Бахт топгай Инсон.

А.Қ.Ш. Техас. 18.09.2015


Arxiv
bottom of page