ИНСОН ШАРАФИ

 

Эскирган ковушни ёки жандани

Қайга ташласанг ҳам, нима фарқи бор.

Тупроққа жо бўлган марҳум бандани

Мармартош маҳлиё этмоғи душвор.

 

Юксак cағана-ю безаклар бари

Азадор бир зотнинг ҳиммати холос.

Балхда қаровсиздир Беруний қабри,

Бу айни нодонлик - жаҳолатга хос.

 

Замин фарзандидир, шубҳасиз, Инсон,

Ғоялар меваси эмасдир асло.

Ғаними чоҳ қазса унга ҳар бир он,

Дўстлари бошига кўтаргай аммо.

 

Ва лекин холислик мудом омонат,

Ўзини ҳакам дер салла, бесалла.

Бандаси Аллоҳга ёлворар фақат,

Худога солдим, деб айтар баралла.

 

Нозим Рус ерида жой топди мангу,

Аммо сатрлари ҳад билмай яшар.

Энг аввал, дунёнинг шоиридир у,

Сўнгра коммунистдир, билиб қўй, башар.

 

Оламда дахлсиз бир мантиқ мавжуд,

Унга даф қилолмас вақту замона.

Бировнинг хочи бор, бировда-чи бут,

Лекин Яратганга бари парвона.

 

Миллат деганлари бир дарахтсимон,

Илдизи заминнинг қаърига етган.

Кишилик бошига тушган ҳар тўфон,

Унинг ҳам бутоғин синдириб кетган.

 

Инсонга икки ҳис доимо ҳамдам,

Бири-Отамакон, бириси -Дунё.

Баъзан ўзи чиққан тепани одам

Ҳисоблаб юради олам, деб гўё.

 

Гарчи ер юзида кўп эрур жонзод,

Турларин санаб ҳам бўлмас, эҳтимол.

Тарихни яратар фақат Одамзод,

Тафаккур уйининг меъмори мисол.

 

Бу туйғу менинг ҳам умримда ғолиб,

Йўқолмас - сувга от, ташла ўтларга.

Ватан тупроғидан бир сиқим олиб,

Кейин боражакман ўзга юртларга.

 

 

         А.Қ.Ш. Хьюстон. 24.09.2015

 

Please reload

ИНСОН

12.01.2017

1/10
Please reload

17.12.2019

17.12.2019

16.12.2019

Please reload

Arxiv
Please reload