top of page

МАРДИКОР


Бажаргин ўзингга мансуб юмушни,

Овчи ҳам ўлжасин бир ўзи овлар.

Агар ёқтирмаса қандайдир ишни,

Мардикор ёллайди баъзи бировлар.

Эҳтимол, ҳашардир, шанбаликдир ё,

Маҳалланг чорлайди - ёрдаминг даркор.

Бундай муаммодан қўрқмагин асло,

Ҳамёнинг бор экан- мардикор тайёр.

Ўқишга кирмоқчи фарзанд бесавод,

Унга сувдек зарур баҳолар- баллар.

Ота чорасини топар шу заҳот,

Билағон болани мардикор ёллар.

Пайдо бўлган эмас бу одат дарров,

Шоҳлар ҳам ишлатган қиёфадошин.

Келинга топилар мардикор куёв,

Тўйида ўтирар эгганча бошин.

Бандага раҳм етсин Аллохнинг ўзи,

Қандоқ ҳукм қилар - унда иҳтиёр.

Марҳумнинг бўлмаса ўғли ё қизи,

Ё тавба, мардикор йиғичилар бор.

Мададсиз қолганда инсон боласи,

Қўллаган зотларга минг бора раҳмат.

Савобни маҳв этар таъма балоси,

Беҳуда кетмагай чекилган заҳмат.

Ҳеч кимнинг қўрғонин босмасин хатар,

Ҳатто зор қолмасин ҳамсоясига.

Ватаннинг бошига иш тушса агар,

Мардикор боргайми ҳимоясига.

А.Қ.Ш. Хьюстон. 2.10.2015


Arxiv
bottom of page