ТАҚДИР ТУҲФАЛАРИ
Сендан ризқ сўрадим ҳамиша, тақдир,
Бойлик ўтинмадим лекин муҳташам.
Ол, дея бутун нон юбординг, шукур,
Балки бошқалардан айламадинг кам.
Сендан дўст сўрадим, ёлвориб яна,
Тўғригўй ҳамроҳлар дуч келди, қуллуқ.
Улар ҳам мен каби юрибди, ана,
Чайқов бозорингга киргулари йўқ.
Сендан саломатлик сўрадим, тақдир,
Ахир ҳар кимсага мукофотдир бу.
Тўрт мучанг соғ бўлса, шу ўзи бахтдир,
Қариган чоғингда етар қуш уйқу.
Ғаним юборгин, деб ким айтар сенга,
Эси бор ҳар банда бу гапдан кулар.
Негадир, бир тўпин жўнатдинг менга,
Сиғмай қолганмиди ҳовлингга улар.
Барибир, лутфингдан розиман мен ҳам,
Қайларга борардим тақдирсиз-сенсиз.
Энг аввал, онадан туғилганим дам,
Ватан ато этдинг, қадим ва тенгсиз.
Сенинг битта номинг, эҳтимол, қисмат,
Хато қилган бўлсак, бизлардан кўрма.
Тепангда Эгам бор, шошилма фақат,
Умрни ўзингча қисқартиб юрма.
А.Қ.Ш. Хьюстон. 4.10.2015