КОТИБА ХОНИМ
Бирор савол чиқса - майдами ё чўнг,
Раҳбарга айтгин, деб қўймас имоним.
Тўрт ёки бешинчи уринишдан сўнг,
Гўшакни кўтарар Котиба Хоним.
Ҳали салом-алик қилмасдан аввал,
Сўроқни бошлайди, терговчи гўё.
Қанча тиришмагин, бермайди ҳеч гал,
Дейсан, автоматдан фарқи йўқ асло.
-Отангиз тирикми? Онангиз борми?
Бобонгиз қанақа касалдан ўлган?
Жуфтингиз ишларми ёки бекорми?
Қайси ресторанда тўйингиз бўлган?
Қандай ўтказасиз бўш қолган дамни?
Қачондир СПИДга чалинганмисиз?
Ўлдирганмисиз ҳеч бирор одамни?
Боғчада ҳибсга олинганмисиз?
Сизга тегмаганми лўлининг кўзи?
Маошингиз қанча?- буни ҳам айтинг.
Қаёққа қўнғироқ қилдингиз, ўзи,
Шикоят бўлса гар-бу йўлдан қайтинг.
Энди чиқай, девди танимдан жоним,
Тилига бол бўлсин, оғзига қандлар,
Гапни қисқа қилди Котиба Хоним:
-Хўжайин бандлар.
А.Қ.Ш. Хьюстон. 14.10.2015