top of page

ДЎСТЛАР


​Ерга тўкилади шафтоли ларзон, Кимдир босиб ўтар, тасаввур этгин. Дўст сўзин нархини мен қилдим арзон, Укажон, сен унинг қадрига етгин.

Ўйлардим, ҳамроҳим дўст, деб албатта, Мени кутгувчи ҳам содиқдир, ёрдир. Бирида бор экан лекин ойболта, Унисининг эса қургани дордир.

Оқшом дўстлашади ғаним давлатлар, Низо бошлайдилар тонг отмай бироқ. Дунёни забт этган сохта даъватлар, Гоҳо севгининг ҳам лофлари кўпроқ.

Кимнингдир таянчи, шубҳасиз, мансаб, Ишонган тоғидир бойлик – сийму зар. Балки дўстим, дейди юзингга қараб, Аммо ичи тўла заққум ва заҳар.

Дер эдим, дўст топиб, кирдим шу ёшга, Афсус, улар бугун кетдилар бадар. Нон дўсти бошқадир, жон дўсти бошқа, Одам болалари турфа нақадар.

Илоё, ўчмасин дилдан илтифот, Басдир, қўшилмаса ўртага ёлғон. Ҳатто хайрихоҳни сиғдирмас ҳаёт, Дўст эса, то абад энг ноёб инсон.

28.10.2015


Arxiv
bottom of page