top of page

ЯХШИ ГАП


Орзу-ҳавасларим йўқ эди ҳали, Парвосиз кезардим майса-ўтларда. Ёшим ўсмирликка етган маҳали, Учгим келди ногоҳ самолётларда.

Йиллар ўтиб кетди гоҳ худ, гоҳ бехуд, Айрилиқ, ҳижронлар енгдилар мени. Энди барчасидан узгандим умид, Кўргим келиб қолди дафъатан сени.

Кечди-ку ҳаётим ёвузлар аро, Бахтсизлик сўзига кўникдим беун. Дердим, меҳмондирман дунёда, аммо Бахтли бўлгим келди ажойиб бир кун.

Ишонмай қўйгандим дўсту ёрга ҳам, Бирдан юрагимда уйғонди ишонч. Қайгадир йўқолди, ғойиб бўлди ғам, Қайтди унутилган шодлик ва қувонч.

Ажиб ҳол юз берди умримда гўё, Кўнглимни тоғ этди қандайин сабаб? Жимиб қолгандилар ғанимлар ҳатто, Чунки эшитгандим мен ҳам яхши гап.

3.11.2015


Arxiv
bottom of page