top of page

ТОШ КИЙИК


Минг бора ўтганмиз шу довон оша, Ёш эдик, соғ эдик – йигитлик замон. Гоҳ севги бошларди, гоҳи томоша, Бетакрор Фарғона водийси томон.

У пайтлар дилимга яқин эдинг сен, Ҳатто тоғу тошинг хуш, дилдор эди. Ҳар ҳолда, Отабек эмас эдим мен, Менда на Кумушу Зайнаб бор эди.

Қуёш чарақларди кўкда барқ уриб, Фаромуш айлардик тор гўшаларни. Бу жойда – Тош кийик пойида туриб, Бўшатдик қанчалаб май шишаларни.

Теграда водийлар ястанган буюк, Мен бошқа ҳолатдан шод эдим лекин. Ҳеч қурса, довонда битта Тош кийик, Кўриниб турарди мағрур ва эркин.

Йиллар ўтиб кетди, энди мен мажруҳ, Лабимни тишлайман, қонимни ялаб. Ўша Тош кийикдек, аммо озод руҳ, Шукур, қашқирлар ҳам туришар талаб.

20.12.2015


Arxiv
bottom of page