top of page

МУҲТОЖЛИК


Ҳеч кимса бировга бўлмасин қарам,

Инсоннинг бошига етгайдир очлик.

На очлик, дунёда Ҳотам бўлсанг ҳам,

Бир куни енгади сени муҳтожлик.

Аввал ғурурингга чанг солгайдир у,

Оғирдир йўқсил деб аталган туйғу,

Эзар болангни ҳам кўринмас қайғу,

Бир куни енгади сени муҳтожлик.

Аллоҳдан сўрайсан, бермагин деб дард,

Йиққанинг шифога бўлмагайдир гард.

Излама, топилмас қўлловчи бир мард,

Бир куни енгади сени муҳтожлик.

Исмингни эшитса ҳуркар балки от,

Қушлар қоқиб турар тепангда қанот.

Сени-чи, тубанга тортади ҳаёт,

Бир куни енгади сени муҳтожлик.

Шундоқ қурилгандир бу кўҳна турмуш,

Сабринг йўқчиликка беролмас туриш.

Ногоҳ чумолидек бошласа юриш,

Бир куни енгади сени муҳтожлик.

Фузулий демиш: – Мен муҳташам гадо,

Дўст ҳам арзи-додинг эшитмас гоҳо,

Ўлгунча ўзингдан қолмагин, аммо,

Бир куни енгади сени муҳтожлик.

Албатта, узилиб тушмайди осмон,

Одамнинг хор бўлиб қолмоғи ёмон.

Ғамингни еб юргин, йўқса, эй ўғлон,

Бир куни енгади сени муҳтожлик.

18.02.2016


Arxiv
bottom of page