top of page

ШАРҚ ҚИСМАТИ


Шарқликман, Эмасман йўлидан озган, Санъатга ўрайман айтар сўзимни. Тагор ҳинду бўлиб мадҳиям ёзган, Мулла Тўйчи айтган “Қора кўзим”ни.

Кашфиёт қилай, деб уринмай ҳарчанд, Йўлимни муттасил тўсди хурофот. Фикрим коинотни қучса ҳам гарчанд, Мудом ҳамроҳ бўлди ароба-ю от.

Мен ҳатто қуёшнинг ҳидини сездим, Юлдузлар ифорин туйдим бехато. Гар севсам, Карбало даштида кездим, Кирди тушларимга Тожмаҳал танҳо.

Бошқалар яратди, мен эса тун-кун, Унга мафтунликдан айламадим ор. Афсус, энг чиройли гулнинг ҳам бир кун, Сўлиб, оёқ ости бўлмоқлиги бор.

Бойлик қазиб олдим ернинг остидан, Тугаб қолишини ўйламай асло. Тўй қилиб, айрилган бор бисотидан, Ношуд бойваччанинг ўзиман гўё.

Энди англаб етдим, шуҳрат-шонимни Таъмин этган экан буюк даҳолар. Ёвларнинг ўқидан хонадонимни Асраб келмиш доим эзгу дуолар.

02.03.2016


Arxiv
bottom of page