ОСТОНА
Ватан остонадан бошланар, болам,
Буни рад этолмас бирорта одам.
Бироқ билмасдирсан, шул остонадан
Гоҳо бошланади мусофирлик ҳам.
ЖУМБОҚ
Қадим донишмандлар демишлар бундоқ: – Уч одамнинг бири Хизр эрур, боқ. Мен-ку ишонаман, Хизрдир бири, Қолган иккови ким? Буниси жумбоқ.
ҚАРЗ
Дилингга жойлаб ол ушбу каломни: Вақтида узиб қўй қарзу саломни. Токи, ажринг сўраб боланг бир умр – Етаклаб юрмасин домла Имомни.
ҲАҚИҚАТ
Дедилар: – Аё, пир, айлагил шафқат, Ҳақиқат бормикин, ростин айт фақат. Пир деди: –Тириксан, ҳақиқат шулдир, Бир кун ўлажаксан бул ҳам ҳақиқат.