top of page

УМРИМИЗ ЙЎЛЛАРИ


Оқшом чўкар аста, Бошланади тун Тошкентнинг ўрда-ю гўшаларида. Ўғлим иккаламиз кезамиз беун Улкан бу шаҳарнинг кўчаларида.

Самодан тушгандек миллионлаб чироқ, Ғаройиб нур билан чулғанар замин. Бу жойда жам бўлар яқин ва йироқ, Мен бунда тотганман ёшликнинг таъмин.

Улуғ давраларда чархланди руҳим, Кўрдим дўстларимдан иззат, эътибор. Сирли шеъриятга тўлди шукуҳим, Балки зиналарда изларим ҳам бор.

Энди ёшим ўтган, қадрдонлар кам, Билмайман ногаҳон борар еримни. Торайиб қолгандек кўринар олам, Гарчанд эъзозлашар ҳамон шеъримни.

Болам-чи, во ажаб, у ҳам беманзил, Гўёки соҳилда қолдик икковлон. Шаҳар қайнаб ётар, одам турфа хил, Омад боқмас лекин бизларга томон.

Умрнинг бепоён йўллари бўйлаб, Қайгадир жимгина ташлаймиз қадам. Мен-ку ниманидир юрибман куйлаб, Фарзандим кўнглида нелар бор, билмам.

Инсон тафаккури, бахту иқболи, Жўн бир тасодифга боғланмасин ҳеч. “Олам заволидир олим заволи”,

Буни Расулуллоҳ айтган эрта- кеч.

Ҳикматни уқмади лекин одамзот, Оёқ ости бўлди онг билан шуур. Заминда юрсак ҳам бепар, беқанот, Ҳар нечук ҳаётмиз, шунга ҳам шукур.

Ўғлим, фақатгина Ҳақнинг йўлин тут, Фақат эзгулик деб қилгин ибодат. Бир кун бу синовлар бўлгайдир унут, Буюк иродангга таянгин фақат.

Ҳамдамдек қувончим ва фарёдимга, Яна кўринади қуёш тонг-саҳар. Олис ёшлигимни солиб ёдимга, Бошимни силайди онамдек шаҳар.

7.04.2016


Arxiv
bottom of page