top of page

АВЛИЁ ҚИССАСИ...


Чилла ўтирмоқни қилди-ю ният, Ғорга кириб кетди бир кун авлиё. Муҳиблар дедилар гувраниб ғоят: – Дуонгиз ижобат бўлсин, илоё.

Лекин авлиёни вақт ўтган сайин, Унута бошлади муриду толиб. Недир юз берганди ўртада тайин, Қандайдир фалокат келганди ғолиб.

Пайт ўтиб, тугади чилла муддати, Авлиё ғорини тарк этди у кун. Қалбида жўш уриб меҳру шафқати, Муҳиблар қошига йўл олди мамнун.

Кеча соме бўлган кимсалар аммо, Ёвуз назар билан қарши олдилар. – Иблис келди, – дея кўтариб ғавғо, Уни эл ичидан ҳайдаб солдилар.

Рост йўлдан адашгай банда ҳар маҳал, Магар юрагида заифдир имон. Кор қилмас энди ҳеч дуо-ю амал, Сарсондир авлиё, пирлар саргардон.

Ҳаттоки эзгулик топгайдир барҳам, Юмилгай виждоннинг иккала кўзи. Авлиё ғор томон қўйганда қадам, Қалбларга кирганди Иблиснинг ўзи.

15.04.2016


Arxiv
bottom of page