ИНСОН
Шукрона айт доим, виждонинг қийнаб,
Турфа савдолардан бўғилганингда.
Бир умр яшардинг бамбукни чайнаб,
Агар панда бўлиб туғилганингда.
Худо кўрсатмасин, чаён бўлсанг гар,
Нобуд қилар эдинг ўзингни ўзинг.
Фахр этсанг арзийди осмонлар қадар,
Бордир Инсон деган шонли юлдузинг.
Одамга ярашмас тубанлик, пастлик,
Худбинлик эмасдир олий ғояси.
Инсоннинг кифтидан бошланар асли,
Чексиз коинотнинг пиллапояси.
Оёғинг остида пойандоз дунё,
Саховат бобида эрурсан Ҳотам.
– Икки оёғингнинг орасидан то,
Туя ўтиб кетсин, – дер эди отам.
Агар сен нолисанг, дарёлар қуриб,
Тоғларнинг ўрнидан кўчгани яхши.
Олис юлдузлар ҳам кўкка бош уриб,
Надомат комида ўчгани яхши.
Фалак фахр этмишдир Инсонни туғиб,
У асло ҳалокат недир – кўрмасин.
Прометей саҳрода хас-хашак йиғиб,
Алпомиш чумоли териб юрмасин.
02.08.2016