top of page

ЯРАДОР БЎРИ


Ярадор бўрини кўрганман бир бор,

Тоғнинг этагида, дарё бўйида.

Тинмай жароҳатин яларди жондор,

Қон оқар, дарё ҳам оқар қуйида.

Мен ўша бўрини кузатдим узоқ,

Ғинг этмас, шунчалар метин бардоши.

Шом чўкди, юлдузлар сочдилар бодроқ,

Жасур бўрининг ҳам ботди қуёши.

Овозим борича ўкраб юбордим,

Кимга қойил қолиб, қарғайин кимни?

Тишлаб лабларимни, қонимга қордим,

Унутдим бир нафас инсонлигимни.

Ерга урди мени шунча йил ҳаёт,

Қолмади бирорта тош отмаган кас.

Илма-тешик бўлди вужудим, ҳайҳот,

Шунда ҳам ғанимлар тинч турган эмас.

Қўлимни узатдим фалакка ногоҳ,

Менинг гуноҳларим не эди, Эгам?

Бу ноқис дунёга боқиб чекдим оҳ,

Фақат эзгулик деб кўтардим қалам.

Қабоҳат елкамдан турди-ку босиб,

Наҳот тақдир ҳукми шундан иборат?

Бўйнимга кўз ёшдан шодалар осиб,

Дод солдим бўлмади зикрим ижобат.

Менинг фарёдимга тўлди – ер-само,

Азобим қадарли олисдир йўлим.

Иродам йўқмиди тошчалик ҳатто,

Битта бўричалик топмадим ўлим.

09.07.2016


Arxiv
bottom of page