top of page

НАСИБА


Ҳар битта бандани ташвишга солмиш

Насиба аталмиш тақдирнинг иши.

Бутун нон устига тирноғин олмиш

Ҳали чиқмасидан гўдакнинг тиши.*

Энг олий насиба нондир аввало,

Сўнгра бошланади бошқа ҳаваслар.

Сенга зафар тилаб қилурлар дуо

Чекингга тушгайдир баландлар, пастлар.

Бир инсон эллик йил хизмат кўрсатиб,

Сийлови – болалар ўйнаб юрган тўп.

Бундайин ҳимматни бўлмас тузатиб,

Шунга ҳам шукрона айтгувчилар кўп.

Кимдир беланчакдан чиққан заҳоти

Миниб олажакдир амал отига.

Кимнингдир ҳеч қайга етмас арз-доди,

Суяниб яшайди хаёлотига.

Халқим неча йиллар бундан муқаддам

Донғил йўлга чиқди, топай деб камол.

Ўпди манглайидан заррин қуёш ҳам,

Кумуш уқа бўлди бошида ҳилол.

Омад деганлари айни шул эрур,

Нону насибамиз бутундир, валлоҳ.

То абад боболар бахш этгай ғурур,

Ёнган у чироқлар ўчмас, иншооллоҳ.

Топдим насибамни она заминдан,

Чарх урсам, тепамда мовий осмоним.

Қай ерда бўлмайин, қарздорман сендан

Менинг ота юртим – Ўзбекистоним!

11. 08. 2016 йил.

* Қадимий таомилга кўра чақалоқнинг илк (қорин) тирноғи

бутун нон устига олинган ва кўчага сочиб юборилган.

Бу ризқинг бутун бўлсин ва уни териб егин деган маънони билдирган.


Arxiv
bottom of page