top of page

БУЮК БУНЁДКОР


БУЮК БУНЁДКОР

Шарқ халқлари қадим замонлардан доно йўлбошчини орзу қилиб келганлар. Бу орзу ҳар доим ҳам ушалавермаган. Даврлар ўтгач, Ислом Каримов соҳибқирон Амир Темурнинг маънавий вориси сифатида тарих майдонига чиқди. Ўзбекистонни расман ягона давлат сифатида бирлаштирди.

Амир Темур буюк салтанат тузиб, жаҳоннинг деярли ярмини ўзининг тузуклари асосида йўриғига юргизган бўлса, кейинчалик тарихнинг қора кунларида бир неча бўлакка бўлиниб кетган Ватанимизни Ислом Каримов мужассам этди, халқимизнинг ғурур ва ифтихори, маънавий камолоти билан доимий шуғулланди. Халқнинг қаддини ҳам, қадрини ҳам кўтарди. Озод Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни – Конституциямизнинг асосий муаллифи бўлди. Бизнинг мафкурамиз миллий мафкура. Бироқ, миллий мафкура кенг тушунча, у ҳар қандай даврга ҳам тўғри келиши мумкин. Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган миллий мафкурамиз эса, айнан бизнинг давримизга хос бўлгани учун Миллий Истиқлол мафкураси, деб аталди. Ўзбекистон – келажаги буюк давлат деган шиорни ҳам Ислом ака таомилга киритди. Бу – абадий янграйдиган умрбоқий шиордир! Ислом аканинг теран тафаккур билан айтилган қуйма, халқона, қанотли фикрлари жуда кўп. Биргина “Янги уйни қурмасдан эскисини бузма”, деган ўгитига хозир бутун дунё амал қилмоқда. У зот, тарихий хотирасиз келажак йўқ, деди. Бизга улуғ боболаримиз, халқимиз қадриятларига суяниб яшашдан сабоқ берди. Ҳар бир суверен давлатнинг биринчи расмий белгиси, албатта, унинг тилидир. Ислом ака тилимизнинг давлат тили сифатидаги юксак мақомини мустақилликдан олдин эълон қилди. Бизнинг руҳоний дунёмиз бўлган диннинг асл ўрнини ҳам бағоят туғри белгилаб берди. Юртдошларга қарата, биз ҳам умумжахон даражасига чиқайлик, лекин ўз миллий қиёфамизни йўқотмайлик деди. Ўзбек халқи ўз ғурурини тиклади. Ислом аканинг ўзлари шу ғурурнинг тимсоли бўлди. Не-не улуғ давлатларга қуллуқ қилмади. Яратганга халқимизнинг бир фазилати ёқди-ю, тарихнинг ғоятда қалтис даврида шу улуғ инсон бизга раҳнамолик қилди. Марказий Осиё дунё маърифати, диний таълимотига Имом ат-Термизий, Имом Бухорий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд каби биринчи даражали буюк шахсларни етказиб берган. Уларнинг зиёратгоҳлари хароб бўлиб ётарди. Бу киши барча авлиёю алломаларнинг ҳурматини жойига қўйиб, муаззам ёдгорликлар бино эттирди. Муборак қадамжоларни обод қилди. Бир вақтлар, Шўро давлати таркибида бўлганимизда муаллифлик ҳуқуқи бўйича халқаро анжуманларда қатнашишимга тўғри келган. Африкадаги, бизнинг каттароқ қишлоғимизга тенг келадиган айрим давлатчалар Америка билан теппа-тенг овоз берарди. Биз эса, гўёки ҳеч ким эмасдик, шўроларнинг умумий қозонида қайнардик, холос. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин хорижга бирор халқаро машваратга борадиган бўлсак, ўз элчихонамиз вакиллари кутиб оладиган бўлди. Ўзбекистон элчихонаси менинг ўз уйимдир. Буни бошдан ўтказган билади. Ислом акада башоратгўйлик - мантиқий равишда келажакни кўра билиш қобилияти бор эди. Бу мистика эмас - илмий иқтидор. У киши, бир иш қилсанг, вазиятдан қандай чиқиш йўлини ҳам ўйлаб қўйгин, дердилар. Парвардигор бу зотга ҳамма соҳада буюк қобилият ато атган эди ва бу ҳол ҳар қадамда сезиларди. Мустақил юртимиздаги барча бунёдкорлик ишлари, улуғ боболаримизга қўйилган ёдгорликларнинг ҳаммаси Ислом аканинг ижод махсули, десак хато бўлмайди. Масалан, Қарши шаҳридаги “Эл-юрт таянчи” монументи Юртбошимизнинг ғояси асосида қиёфа касб этган. Президентимиз шаҳарнинг Мустақиллик майдонида ушбу бадиий обиданинг очилишида ёдгорликнинг маъно-моҳиятини ниҳоятда теъран ифоалаб берганди: “Қанча –қанча синов ва бўронларни бошидан кечириб, ўз она заминини не-не босқинчи, ёвуз кучлардан, ҳар қандай бало қазолардан кўз қорачиғидай асраб-авайлаб келган, ўз зурриёди ва насл-насабини ақл заковат, мардлик ва матонат соҳиби этиб тарбиялаган, улар орасидан дунёни ҳайратга солган олиму уламолар ва саркардаларни вояга етказган, шу эл-юртнинг мана шундай мунаввар кунларга етиб келишида беқиёс куч-қувват ва мадад берган ким? Бунга жавоб битта-минг йиллар олдин мана шу мўътабар заминда илдиз отиб, Оллоҳнинг марҳамати ва неъмати, ўзининг оғир ва машаққатли меҳнати билан шу юртни обод этган, ҳаётни тебратган-бу инсон ва шу инсонни тарбиялаган оила ва халқдир... Ушбу ҳайкал пойидаги тегирмон тоши бамисоли ҳаёт гардиши каби шиддат билан айланиб, замон, давр тинимсиз ўзгариб боришини англатиб турибди. Тегирмон тоши узра эса бир-бирини асраб авайлаб, бир-бирига елкадош бўлиб, ўз она заминида мустаҳкам турган, диёрини бутун дунёга танитган, ҳар қандай мушкул вазиятда ҳам ўзига ишониб яшаётган, халқимизнинг таянчи ва суянчи бўлган меҳнаткаш оила тасвири мужассамлашган.” Самарқанддаги таъзия маросимида иштирок этган хориж давлатларининг барча рахбарлари эътироф этганидек, Ислом ака жаҳоний кўламда фикрлайдиган ўткир сиёсатчи, узоқни кўра олган улуғ мутафаккир инсон эди. Дархақиқат, бу зот халққа ва давлатга, миллатга хизмат қилишнинг бетимсол намунасини намоён этди. Халқни ва мамлакатни оғир асоратлардан олиб чиқди. Эътироф этилганидек, Ислом ака ҳар доим “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”, дер эдилар. Улуғ Йўлбошчимиз ўзидан шундай озод ва обод Ватан қолдирди. Мен салкам йигирма йил аввал ёзган бир шеъримда:

Афсус, жаҳон аро денгизимиз йўқ... Гоҳо ўкинч билан янграр сўзингиз, Лекин, Ислом ака, менинг кўнглим тўқ: Ўзбекистон учун денгиз ўзингиз!

деган эдим. Ҳозир ҳам шу гапимни такрорлайман. Ислом ака ҳақиқатан буюк ибрат тимсоли эди. У киши яратган миллий истиқлол мафкураси келажакка чорловчи ўчмас маёқ булиб қолади. Ислом Каримов бозор иқтисодиётига ўтишнинг “ўзбек модели”ни яратган тенгсиз ислохотчи эди. Амир Темур бобомизнинг она Ватанига қайтишида жиловбардорлик қилиб, пойтахтнинг қоқ марказида маҳобатли ҳайкал қўйган, бунёдкорлик соҳасидаги ишларига ворислик қилиб, ўз салоҳиятини жаҳон миқёсида намоён этган беназир меъмор ҳам эди. Энг муҳими, бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз тўла тўкис аён бўлди. Ислом ака улуғ инсонпарвар шахс эди. Ҳатто шўролар замонида, Қашқадарёда вилоят раҳбари бўлиб турганларида, “пахта иши” бўйича ноҳақ қамалганларнинг ёнини олди, уларнинг оилаларига ҳар тарафлама ёрдам кўрсатди. Бунга мен ўзим гувоҳман. Албатта, ҳар қандай одам мамлакатини тараққий этган давлатлар қаторида кўиришни хохлайди. Мен ҳам қадим юртим Ўзбекистонни бугунги жамолини кўриб, беҳад қувонаман. Уни ёмон кўзлардан асрагин, деб Парвардигорга илтижолар қиламан. Ўтган 25 йил мобайнида юз берган тарихий ўзгаришлар, тарихий тараққиёт, бунёдкорликлар фикримга яққол далил бўла олади. Маънавиятсиз ҳаёт юлдузсиз тундир. Ислом Каримов маънавиятни “енгилмас куч” деб атади. Шу ўринда тарихий бир ривоятни келтириб ўтмоқчиман. Эмишки, Самарқанд Регистони барпо бўлаётганда бир қурувчи иккинчисига дебди: -Хозир бир лаган ош бўлса эди. Иккинчиси жавоб қилибди: -Ош икки соатда хазм бўлиб кетади, каллаварам. Биз бунёд этаётган иншоот эса минг йиллаб қад кўтариб туради. Ривоят асосида маънавиятли ва маънавиятсиз кишиларнинг мунозараси ётибди. Биз эса, бир лаган ошнинг ҳам, буюк иншоотнинг ҳам ўз ўрнида бўлишини хоҳлаймиз. Маънавий юксакликнинг олтин зиналарига қадам қўя бошладик. Ислом ака биз айтиб улгурган ва улгурмаган барча фазилатлари, рўёбга чиқарган улуғ ишлари, тарихнинг ғоят қисқа даврида кўрсатган юксак жасорати билан келгуси авлодларимизга буюк ибрат тимсоли бўлиб қолади, иншооллоҳ.

04.09.2016

АБДУЛЛА ОРИПОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

МАНГУЛИК Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига

Бир хабар тарқалди, Ярим тун эди, Гўё ғам селига ботдим, йўқолдим. Кимдир йўлбошчидан айрилдик деди, Мен-чи, азиз дўстдан айрилиб қолдим.

Кимнинг хаёлига келмишдир ахир, Бирдан қулаб тушса буюк бир чинор. Алам бўғзимизда аччиқ ва тахир, Бу ғамнинг на чеки – чегараси бор.

Кетди ногаҳонда айтмай бирор сўз, Ҳижрон оловига барчани ташлаб. Ўзбек осмонида сўнди чўнг юлдуз, Катта-ю кичикнинг кўзини ёшлаб.

Биз - ноқис бандалар, ўйламай гоҳо, Бошимиз силаган қўлни тишладик. Юз йиллаб тескари айланди дунё, Ўз эмас, ўзгалар учун ишладик.

Биз - ожиз бандалар, англамай туриб, Бировнинг забонин санадик афзал. Шу юрт даҳоларин билиб ва кўриб, Бегона зотларга ясадик ҳайкал.

Босқин тепамизда турар эди зил, Уни таг-тубидан бузмоқ шарт эди. Асрий вайронанинг ўрнида дадил, Янгича мамлакат тузмоқ шарт эди.

Фоний бу дунёнинг баланд-пастига, Теран назар ташлаб ўтди бу Инсон. Миллат қадри дея яшаб аслида, Халқининг дардига бўлолди дармон.

Бугун жудолик бор гар қалбимизда, Лекин ғурур яшар ҳавас қилгулик. Абадият ўсди кўз олдимизда, Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик.

04.09.2016


Arxiv
bottom of page