top of page

ХОНАДОН ШЕЪРИ


Каттакон шу дунё қўйнида

Яшаб турар бизнинг хонадон.

Эртанги кун мудом ўйида,

Ҳар биттамиз орзуманд чандон.

Соғлиқдадир менинг хаёлим,

Тун ва куним ўтар имиллаб.

Ёнимдасан, мунис аёлим,

Куйманасан тинмай ғимиллаб.

Яширасан ҳолингни доим,

Эмасмиз-ку ахир туйғусиз.

Гувоҳ эрур ёлғиз Худойим,

Мен уйқусиз, сен ҳам уйқусиз.

Мендан олиб қочасан кўзни,

Жилмаясан лабларинг титраб.

“Тузаласиз”, деган бир сўзни

Шивирлайсан ёнингга қараб.

Дастурхонга келганда таом

Термуласан, бир сўз демассан.

Мен очликка банди батамом,

Сен ҳам бирор луқма емассан.

– Туш кўрибман, – дейман, – кун порлаб,

Ёритибди бизларнинг уйни.

Энтикасан ўғлингни чорлаб:

– Сўйгин, – дейсан, – боғланган қўйни.

Тонгда баъзан кузатаман мен,

Телефонда манзил сўрайсан.

Биламанки, шу кетишда сен

Фолбинларга бориб учрайсан.

Нега шундоқ маҳзун кунни ҳам

Кўролмайсан, бадкирдор ғаним?

Хоҳлайсанки, енгса мени ғам,

Тупроқларга қоришса таним.

Қайта бошдан туғилмоқни гар

Тангри менга кўрсайди раво.

Йўлатмасдим сени муқаррар,

Ёнингга ҳам бормасдим асло.

Ер юзининг қай бир буржида

Кун кўрардим, хаёлим билан.

Яшар эдим бахт илинжида,

Ўша мунис аёлим билан.

15.01.2016


Arxiv
bottom of page