ОҒРИҚЛАРИМ
АБДУЛЛА ОРИПОВ,Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
Яна оғриқ забтига олар,
Қисиб келар нафасинг оғир.
Чуғур-чуғур қилар болалар,
Набиралар бир этак, ахир.
Бири дейди: – Тинмасдан асло,
Ер юзида роса елгансиз.
Голландия ёқлардан, бобо,
Бизга пишлоқ олиб келгансиз.
Чиқиб кетай дейди тандан жон,
Ҳамма нарса гўё бемаъни.
Бир набирам сўрар: – Бобожон,
Ҳиндистоннинг мангоси қани?
Оғриқ етар сўнгги дамга ҳам,
Мисли ошим ошамаганман.
Шивирлайман: – Жим тургин, болам,
Мен ҳеч қачон яшамаганман.
Хьюстон, 03.10.2016