ЎНГ ҚОВОҒИМ УЧДИ-Ё
Ўнг қовоғим учди-ё,
Чап қовоғим учди-ё.
Олисларда қолган юртим
Бирдан эсимга тушди-ё.
Болаларим омонмикан,
Гулзорларим чаманмикан.
Даврадошу жўраларим
Ҳалиям мен томонмикан.
Ҳайитда ҳам боролмадим,
Жигарларим сўролмадим.
Қанча хафта, ойлар ўтди,
Қишлоғимни кўролмадим.
Мен қарайман юлдузларга,
Гўё қошу қундузларга.
Уларни деб алмаштирдим
Кечаларни кундузларга.
Ўнг қовоғим учди-ё,
Чап қовоғим учди-ё.
Узоқдаги шоир ўғли
Кимнинг ёдига тушди-ё.
Хьюстон, 10.10.2016