ВАТАНИМ


Ҳар бир уйда айғоқчи, Ҳар қадамда искович, Одамни кўрса қочар, Бедовларинг ҳуркович. Ошингга заҳар солди, Ғанимларинг бир ҳовуч, Ёвузларнинг қўлида Гулдай ватаним қолди, Бошида паноҳи йўқ Тулдай ватаним қолди.

Нон бермайди ва лекин Нон еганни ўлдирар, Ўсиб турган ниҳолни Аёз каби сўлдирар. Бозор бормай қўйнингни Пуч ёнғоққа тўлдирар, Ёвузларнинг қўлида Гулдай ватаним қолди, Бошида паноҳи йўқ Тулдай ватаним қолди.

Ҳар кўчада минг миршаб, Ҳар гўшада авахта, Ҳақ деганнинг оғзи берк, Қон ютар лахта-лахта. Ўзи-ку пахта эккан, Ёстиғи бўлди тахта, Ёвузларнинг қўлида Гулдай ватаним қолди, Бошида паноҳи йўқ Тулдай ватаним қолди.

Илму ирфон жаҳолат Ғорига кириб кетди, Ўлик тирикдан ўтди, Тирик ўликдан ўтди. Адолат истаб борсанг Ёлғон тиршайиб кутди, Ёвузларнинг қўлида Гулдай ватаним қолди, Бошида паноҳи йўқ Тулдай ватаним қолди.

Қайларгадир йўқолди Меҳр билан муҳаббат, Қўлида ханжар ушлаб, Адоват қолди фақат. Ёмон гап арзон-гаров, Яхши гап бўлди қаҳат, Ёвузларнинг қўлида Гулдай ватаним қолди, Бошида паноҳи йўқ Тулдай ватаним қолди.

Тўғригўйлар бир четда, Эъзоздадир иғвогар, Қайтдик ўрта асрга, Одам пуллар савдогар. Минг йиллик хазинангни Талаб ётар ўғри, ғар, Ёвузларнинг қўлида Гулдай ватаним қолди, Бошида паноҳи йўқ Тулдай ватаним қолди.

Ўлиб ҳам бўлмай қолди, Ювғич урар кафандан, Кимлардандир юққан кир Кетмас сира бадандан. Қуруқ ҳашаклар қолди Гуллаб турган чамандан, Ёвузларнинг қўлида Гулдай ватаним қолди, Бошида паноҳи йўқ Тулдай ватаним қолди.

Қувган ҳам халқим дейди, Халқим дейди қочган ҳам, Лекин халқнинг аҳволин Ўйламас бирор одам. Жаллод ҳам халқ номидан Ўқир фармонни у дам, Ёвузларнинг қўлида Гулдай ватаним қолди, Бошида паноҳи йўқ Тулдай ватаним қолди.

Турфа хил замонларни Кўрган битта инсонман, Гоҳ фахр этсам, гоҳо Баридан пушаймонман. Нетайки мен на Хорун, На ёки Сулаймонман, Ёвузларнинг қўлида Гулдай ватаним қолди, Бошида паноҳи йўқ Тулдай ватаним қолди.

Барчасига сабабдир Асли нафснинг балоси, Меҳнаткаш халқнинг эса Ечилмас муддаоси, Иншооллоҳ, бандага Боққай бир кун Худоси, Ёвузларнинг қўлида Гулдай ватаним қолди, Бошида паноҳи йўқ Тулдай ватаним қолди.

05.10.2015 йил. АҚШ, Хьюстон.


Arxiv