top of page

Шарқ туни


Севаман, сеҳрли шарқ туни, сенинг

Ажиб жозибага бой оғушингни.

Ҳофиз шеъри каби билмасдан тиним

Қора кокилингнинг тўлғонишини.

О, нақадар буюк уйган тоғларинг

О, нақадар гўзал сендаги виқор.

Ҳам, тоғлар ортида мусулмон қизинг

Нозик қўлларида айланар тумор.

Тоғ қадар буюксан сеҳргар кеча

Тоғ қадар жодулар, тилсимларга бой.

Кўҳи Бадахшондан Кўҳи Қофгача

Бир зум учар отлар – тун, сенга чирой.

О, тоғлар ортида қопқора қуюн

Жину алвастилар бўлиб унда жам.

Ердаги пайғамбар умматларини

Мудҳиш ғорлар томон етаклар бу дам.

Етаклар у, бирдан қопқора тунда

Қорли чўққиларга тикиб қолар кўз.

Бунда озод қизнинг қаҳ-қаҳаси- ю,

Ўлкам осмонида чақнаган юлдуз...

Етаклару... учар, учгандай туман

Асрий афсоналар аро бир хумор,-

Тоғ қадар юксалар: маъюс ва ўйчан,

Нозик қўлларида тутганча тумор.

Тошкент, 1960 йил


Arxiv
bottom of page