Ҳаёт фалсафаси

 

                        Бўрон!

                        Янада кучлироқ гурласин бўрон.

                                                                М. Горький

 

Соҳилда турардим.

Сувдан хаёлан

Дартгаш юрагимга  тилардим дармон.

Бир нопок кимсанинг кирдикоридан

Аламлар зиёда, дил эди хуфтон...

 

У мудҳиш ниятин тутиб қалбида,

Сиртига қунт билан берди оройиш.

Амалбахш назардан ўтмоқ қасдида

Активлик ўйинин этди намойиш.

 

Каттанинг олдида, топса баҳона,

Шахсий садоқатин айлади зоҳир.

Бирда совға берди, бирда – тўёна,

Нобакорнинг дилин овлади охир.

 

Ўлкада интизом сусайган замон

Омад кулиб боқди унинг бахтига:

Таьмагир қўл билан

Қуғирчоқсимон

Қўндириб қўйилди мансаб тахтига!

 

Билдики, суролмас бир ўзи даврон,

Қоқилмаслик учун бўлсин деб гаров,

Бўри галасидек олғир, корчалон

Бир кибор тўдага қўшилди дарров.

 

Мулкидек қаради ишхонасига,

Коллектив ичига солди у қутқу:

Бир гуруҳ айланди парвонасига,

Бошқасин вужудин қамради қайғу.

 

Иш кўриб нафсининг буйруғи билан,

Тўғрини қувди у, қўллаб ўғрини.

Атрофин ўради уруғи билан,

Қўлтиғига олди аввал ўғлини!

 

Унингча, хўжайин бўлса бас мамнун,

Қимирлаб турса бас идора иши;

Айш-ишрат бағишлар умрга мазмун,

Бир марта келади дунёга киши!

 

Унинг учун амал – очил дастурхон,

Кутгани юлишдир чиқармай исин.

Оғизда коммунист – шундай устомон,

Сотади ҳаттоки Лениннинг исмин!

 

У – душман!

Бу душман бизнинг тузумга,

У яшар яширин шу хаёл билан:

Иштибоҳ туғилса коммунизмга,

Келишиб кетса эл мазкур ҳол билан!

 

Ким уни фош этар, жазога тортар?!

Туртиниб қолди-ку оддий фуқаро:

Иғво деб топилди чиппа-чин хатлар,

Не-не ёруғ юзга чапланди қаро…

 

Соҳилда турардим.

Боқий ҳаётдек

Дарё оқар эди товланиб, балқиб.

Оқим юзасида

Лоқайд авлондек

Баьзан ўтар эди хас-хашак қалқиб.

 

Баьзан ўтар эди липиллаб кўпик,

Шишинган зотлардай боҳаво, енгил.

Асли-ку, беқадр баайни тупик,

Асли-ку, йўқ бўлар тегиб ўтса ел!

 

Олисда нениндир илғаркан назар,

Қизиқишим ортиб тикилдим атай.

Лоппилаб келарди, кўрдим, алҳазар,

Бир итнинг ўлиги, қорни тепадай!

 

Томоқ илинжида устидан кетмай,

Ғужғон ўйнаб борар хира пашшалар...

Кўнгил, чидамоққа бардоши етмай,

Не ажаб, бу ҳолдан ағдарилса гар!

 

Ҳайрият, қораси ўчди батамом,

Мени банд айлади бошқа муаммо:

Тобакай йўлида этар у давом,

Тобакай булғанлар жонфизо дарё?!

 

Дўстларим, покланиш эмасдир осон,

Дўлона қайдадир чиқмасанг тоққа!

Покланиш муждасин англатар туғён,

Фақат тўлқин отар уни қирғоққа!..

 

Мадад, илҳом берди дарё кўриги,

Бир таққос чақнади – ёришди кўнгил:

Ул нопок кимсалар – итнинг ўлиги,

Давру давронлари тургунча довул!

 

1960 йил

 

 

Please reload

ИНСОН

12.01.2017

1/10
Please reload

17.12.2019

17.12.2019

16.12.2019

Please reload

Arxiv
Please reload