Абдулла ОРИПОВ
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ Шоири
САЛОМ–АЛИК
Умримдан минг марта розиман, бироқ
Гоҳида кўксимни ортиқ керибман.
Ёшлик – ғўрлик экан, англамай, кўпроқ
Катта шайтонларга салом берибман.
Вақтнинг тезлигига ҳайрон қоламан
Ва кулиб қарайман бунинг барига.
Энди ёшим улуғ, алик оламан
Кичик шайтонларнинг саломларига.
09.03.2015
ҚЎРИҚЧИ ИТ
Орзу қилган экан бойвачча йигит,
Уй қурди, ақчани сарф этди талай.
Уйни қўриқларди, лекин чўлоқ ит,
Бўйнигача қўтир, бир кўзи ғилай.
Шундоқ иморатни қурдингми, Одам,
Топиб қўй-да энди, лойиқ итни ҳам.
25.03.2015
СОҒИНЧ
Сени соғинсинлар,
Сен кўп соғиндинг,
Чора йўқ барибир икки ҳолда ҳам.
Дарёдек тошардинг, кўл каби тиндинг,
Фақат руҳинг қолди сен билан ҳамдам.
Афсус, соғинчнинг ҳам бордир адоғи,
Кейин унутилиш, бари абасдир.
Соғинган одамнинг кўнглида доғи,
Соғинтирганга ҳам осон эмасдир.
28.01.2015
МЕҲР
Негадир ёш бола ва ёки бемор,
Гуноҳ иш қилгандек боқар жавдираб.
Овозингни баланд қилдингми бир бор,
Улар ҳадик ичра қолар довдираб.
Йўқ ахир уларнинг зарра гуноҳи,
Мудрар қалбларида бардош ва сабот.
Фақат меҳрга зор улар нигоҳи,
Кутганлари эса шафқат ва нажот.
25.01.2015 й.
СЎКОНҒИЧ
Бор эди бир сўконғич киши,
Ниҳоятда худбин, дилозор.
Фақатгина сўкишдир иши,
Маҳалла-кўй бўлганди безор.
Охир бир кун уч-тўрт азамат
Сўконғичнинг берди адабин.
Жағин бойлаб юрди у кўп вақт,
Айтолмасди лекин сабабин.
Кимдир деди: – Фалон кўчада
Яшайди бир яримжон одам.
Нафсинг қонар балки ўшанда,
У индамас қанча сўксанг ҳам.
18.01.2015
ШАРҲ
Бу дунёда соддалар бисёр,
Ўтмишда ҳам учраган анча.
Бири дейди: – Иқтидоринг бор,
Шунинг учун бергансан қанча?
Бошқаси дер: – Ақлинг зўр чиндан,
Гапни гапга роса уладинг.
Жон оғайни, яширма мендан,
Бунинг учун қанча тўладинг?
Дейман, йўқдир уларнинг нархи,
Улар – ҳаёт, улар – зарурат.
Лекин бордир озгина шарҳи:
Текин эрур нодонлик фақат.
15.01.2015
ТЎДА
Минг йиллардан буён жами ҳайвонлар,
Бўрилар, шоқоллар, шерлар, арслонлар.
Тўда-тўда бўлиб яшаб келишган,
Бирга ов қилишган, бирга ейишган.
Тўданинг босқини даҳшат жуда ҳам,
Мамонтни йиқитган бир тўда одам.
Агарда қўзиса тўданинг феъли,
Унга тенг келолмас сойларнинг сели.
Хос унга ёвузлик, шафқатсизликлар,
Қорни тўқ бўлса-да, тоқатсизликлар.
Ирсият сўзини айтишмас бекор,
Барчаси то ҳануз йўқолмаган, бор.
Би ҳисни яшириб ахир нетаман,
Тўдани кўрганда қўрқиб кетаман.
06.01.2015 й
М А Д А Д
Яшин урган дарахт,
Ярадор бўри,
Қояга урилиб,
Йиқилган бургут.
Танида бор бўлса
Ҳаётнинг нури,
Тангрим, сен уларни
Айлама унут.
Ёвузга куч бериб,
Золимни қўллаш
Эҳтимол Иблиснинг
Азалий касби.
Ночору ожизга
Мададни йўллаш
Яратган Эгамга
Хос эрур асли.
Бутун бўлолмадим,
Жоним ҳам ярим,
Лекин тўлиқ сездим
Тириклик сасин.
Беозор дўстларим-
Чумолиларим,
Гурс-гурс қадам ташланг,
Тангри қўллансин.
ОДАМ ВА ТУЛПОР
Кўнгли бу дунёдан совиган одам
Касалга чалинган тулпорга ўхшар.
Одам қиё боқмас сийму зарга ҳам,
Тулпор арпасига ташламас назар.
Ундайин одамга икки дунё бир,
Чайла ва қасрнинг фарқи йўқдир, бас.
Ундайин тулпор ҳам ҳамиша дилгир,
Пойгаларга зарра рағбати бўлмас.
Э С Л А Ш
Отам билан бирга отга мингашиб,
Китоб довонидан ошгандик бир вақт.
Қараб бўлмас эди пастга энгашиб,
Бир қадам нарида жарлик– ҳалокат.
Қандай ўтган эдик у йўлдан омон?
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.
Тун эди, шаҳардан қишлоққа қараб,
Катта акам билан тушардик қирдан.
Тўртта бўри бизни олганди ўраб,
Уфқда тўрт отлиқ кўринди бирдан.
Биз улар туфайли қолгандик омон,
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.
Кездим, ер юзини саёҳат қилдим,
Ортга қайтар бўлдим кемада бир кун.
Денгиз нималигин ўшанда билдим,
Балойи азимдай қутурди тўлқин.
Кемамиз тўфондан чиқди-ку омон,
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.
Нима ҳам қилардим, иссиқ жон экан,
Мусофир юртларда чалиндим дардга.
Тириклик аслида имтиҳон экан,
Ахир зор бўлдим-ку мен ҳам мададга.
Кунимдан бор экан, тузалдим омон,
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.
Бугун насиб этди салобатли ёш,
Шукрона айтаман барчаси учун.
Лекин нокаслар ҳам бўлдилар йўлдош,
Умримни эговлаб едилар бутун.
Не бахтким, баридан ўтолдим омон,
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.
ПАРҲЕЗ
Бир бемор касали қўзиб турган кез,
Дўхтирга борганди, буюрди парҳез.
Деди:
— Камайтиринг ёғлиқ кабобни,
Конякнинг ўрнига тортинг гулобни.
Бедана шўрвадан оз-оздан ичинг,
Сомса ва нориндан тамом воз кечинг.
Бемор тушиб қолди ғалати ҳолга,
Сўнгра изоҳ берди ушбу аҳволга:
— Дўхтиржон, кўнгилни қилаберинг тўқ,
Бундай таомларни кўрганим ҳам йўқ.
МАҚТАНИШ
Одам зоти билса экан мақтанишни ҳам,
Лекин ҳазм қилолмадим бир ҳолатни ҳеч:
Уни ёмон демасдан бирорта одам,
“Яхшиман”, деб дод солар эртадан то кеч.
ИФТИХОР
Мен уни кўрганман, дер эди биров,
Ёнида турганман, дер эди биров.
Каттакон мажлисда ҳеч аямасдан
Мен уни урганман, дер эди биров.
ТАКЛИФНОМА
Сўкар, дунё деган бир ғамхонани,
Киборларни сўкар ғазабга тўлиб.
Ва лекин тўй қилса, “Таклифнома”ни
Ўшаларга элтар биринчи бўлиб.
МАРТАБА
Икки одам гаплашарди Аркнинг олдида,
Бўяб, бежаб, кўпиртириб ҳар бир каломни.
Бири дерди:
— Мангу қолар авлод қалбида,
Бош жаллоднинг ўзи сўйган менинг бобомни.
Иккинчиси сўз бошлайди:
— Менинг бобом ҳам,
Обрў топган амирликда — ўша замонда.
Ҳурматини келтиришган ҳатто сўнгги дам,
Осишганлар оддий эмас, ипак арқонда!..
УНУТИШ
Унут баҳорларни, қишларни унут,
Унут осмонларнинг зангор кўйлагин.
Юлдузларни унут, қушларни унут,
Уларни кўрмадим дея ўйлагин.
Дунёда жамики мавжуд нарсани,
Яралмаган дегин, йўқ деб бил, эркам.
Ҳайратга солурсан шунда барчани,
Шунда унутарсан балки мени ҳам
16.08.2014
ТЎЙЛАР
Тўйга айтган эди азиз бир дўстим,
Дўконни айланиб, совға ҳам олдим.
Бордим, тўйхонада йўқ эди ҳеч ким,
Янглишиб келибман мен бир кун олдин.
Яна бир оғайним, ўз-ўзига тўқ,
Тўй қилишни кутди, кутди ичикиб.
Борсам, тантанадан зарра нишон йўқ,
Ахир, мен келибман бир кун кечикиб.
Ҳаёт шукронага мутлоқ муносиб,
Тириклик ўзидир олий мукофот.
Ҳар кимга бахт-иқбол айласин насиб,
Уйсизга уй берсин, беморга нажот.
Тўйнинг-ку узрини айтмоқлик осон,
Қутловнинг эшиги ҳамиша очиқ.
Лек дилингни қийнар бошқа бир армон,
Қайда у — насибанг, сенга ярашиқ.
Ёнма-ён юраркан севинч билан ғам,
Бир ҳолни тушунмай, ҳайронман, аммо
Дунёни неъматим дегандинг, Эгам,
Эрта келдимми мен, кечикдимми ё?
16.09.2014
ДЎСТЛАР ВА РАҚИБЛАР
Ёшлик йилларимни эслайман секин,
Гоҳида тинибман, гоҳида қайнаб.
Турфа сатрларни битибман, лекин
Бир сўз ҳам ёзмабман қаламни қийнаб.
Ўрни келганида кечдим дарёдан,
Битта ўзим қолдим гирдобда гоҳо.
Куч олдим дўстларим берган ҳирмондан,
Тортди оёғимдан рақиблар аммо.
Агар тоғ аталса у шонли равоқ,Олтин зинасига қўйдим бир кун бош.
Дўстларим қутловга қўл чўзди, бироқ
Рақиблар тепадан отиб турди тош.
Равон йўл йўқ экан, ҳар ён сўқмоқдир,
Йўлбарс ҳам юрмаган чигал бу ўрмон.
Дўстлар-ку юлдуздек сенга маёқдир,
Рақиблар билдирмай қўярлар қопқон.
Бу ёруғ дунёда йўл юриб албат,
Охири тўхтайсан, паймонанг тўлиб.
Ўша кун дўстларга бермасдан навбат,
Рақиблар сўз айтар биринчи бўлиб.
Инсонга кўргилик азалдан ўтган,
Доимо виждонга келтирганлар шак.
Худойим ургану пайғамбар туртган
Рақибнинг устози — Иблисдир бешак.
29.01.2015 йил
ПОЕЗДДА
Қаршигами, Термизгами поезд юрар,
Икки аёл чой ҳўплашиб суҳбат қурар.
Бири дейди: – Минг шукурки, уйимиз бор,
Тарновлари оқ тунука, заб нақшинкор.
Униси дер: – Бизники ҳам жуда кўркам,
Бордир ҳатто ҳовлисининг девори ҳам.
Қаршигами, Термизгами поезд юрар,
Икки аёл чой ҳўплашиб суҳбат қурар.
06.03.2015
АФАНДИ
Афанди дегани ўзим бўламан,
Ҳар хил ҳангомага ичи тўламан.
Эси йўқ одамлар калласизлардан
Хафа бўлишади, шунга куламан.
03.02.2015
ТУЙҒУ
Ҳайратланар кўзлар,
Ҳайратланар қалб,
Ўзи шундоқ бўлар ёшлик маҳали.
Лекин ҳайратингни қўймагин сарфлаб,
Улуғ мўъжизалар олдинда ҳали.
Ҳаётда дуч келар турфа вазият,
Кўзларинг ногаҳон ёшга тўлажак.
Уни ҳам майли сен бир нафас тўхтат,
Хурсанд чоғларингда керак бўлажак.
Бошқа бир туйғу ҳам мавжуддир бироқ,
У кетсин, дил деган тоза гулшандан.
Азизим, ғазабдан фориғ бўл тезроқ,
Руҳингни халос эт фақат ўшандан.
27.02.2015
КЎЗГУ
Бировларни камситиб, ерга уришдан олдин
Каттакон кўзгу қўйиб, ўзингга қараб олгин.
Зарга ўралган билан кесак ҳамиша кесак,
Чолдевор ўртасида кўмилган бир хум олтин.
24.02.2015
ТОМОНЛАР
Қонунда ёзилмаган кучлар бордир дунёда,
Кўзга ташланмас, аммо қўзғалса шаҳди ёмон.
Нозикликда тарозу шайинидан зиёда,
Уриштиргувчи ҳамда Яраштиргувчи томон.
Улуғ ёшдаман, бироқ ҳадигим бордир катта,
Қўрқаман ким биландир ошно бўлиб қолишдан.
Уриштиргувчи томон топар сени албатта,
Ишин бошлар орага нифоқ, низо солишдан.
Бу менинг хулосамдир, дўстликни хуфя сақланг,
Иҳота айланг уни ҳар хил ширин сўзлардан.
Айниқса, муҳаббатни ошкор этмай ардоқланг,
Зада бўлмасин токи турфа ёвуз кўзлардан.
Уриштиргувчи томон ҳар қайда доим шайдир,
Чанг солади тап тортмай эътиқодга, иймонга.
Оила риштасин-ку мароқ билан узгайдир,
Ҳатто Ватан туйғусин олмоқ бўлар нишонга.
Ўйлайман гоҳ, одамзот наҳотки лоқайд боқар,
Наҳотки, эзгуликни асрай олмайди омон.
Уриштиргувчи тараф читтакдек қанот қоқар,
Оғир карвонга ўхшар Яраштиргувчи томон.
20.02.2015
СУЙМАСА ХУДОЙИМ
Суймаса Худойим ўз ишин билгай,
Тилинган жойингни қайтадан тилгай.
Айрилган бўлсанг гар кўздан, қулоқдан,
Сўқир билан карни рўпара қилгай.
15.02.2015
БАЗЗОЗ
Баззоз газламасин сотиб турарди,
Бироқ ўтмас эди бир ўрам мато.
Баъзан елкасига ташлаб кўрарди,
Ҳеч ким олмас эди ўшани аммо.
Ундан яктак тикди охири баззоз,
Маъқул деб матонинг шунақасини.
Энди қутлар эди одамлар боз-боз,
Кўрмаганмиз, дерди бунақасини.
09.02.2015 йил.
Вафо
“Менга вафо қимагач санам
Хотинларга ҳурматим нечун?”
Шу байтларни ёзаётган дам,
Осонмиди Лермонтов учун.
Энди мисга айланган олтин,
Вафо сўзин англашар аранг.
Лермонтовни айблашдан олдин,
Ҳаётга ҳам қайрилиб қаранг.
08.02.2015 йил.
ОҚ ОТ
Навоий "Хамса"ни тугатди ёзиб,
Қутлашга йиғилди аркони давлат.
Байқаро айрича ҳурмат кўргазиб,
Оқ отин минишга айлади даъват.
Лекин узр деди шоири даврон,
Балки бу ҳолни у кибр деб билди.
Шунда секингина лутф этди Султон:
– Буни отнинг ўзи илтимос қилди...
ЯХШИЛИК
Ўкинмагин, қартайиб, қариб
Қолдим дема буткул орқада.
Бир кун сенга берар қайтариб,
Ҳаққинг бўлса олақарғада.
Яхшилигим кетди, деб бекор,
Афсус чекмас ҳақиқий эрлар.
Бировидан қайтмаса зинҳор
Бошқасидан қайтади дерлар.
03.02.2015
СОҒИНЧ
Сени соғинсинлар,
Сен кўп соғиндинг,
Чора йўқ барибир икки ҳолда ҳам.
Дарёдек тошардинг, кўл каби тиндинг,
Фақат руҳинг қолди сен билан ҳамдам.
Афсус, соғинчнинг ҳам бордир адоғи,
Кейин унутилиш, бари абасдир.
Соғинган одамнинг кўнглида доғи,
Соғинтирганга ҳам осон эмасдир.
28.01.2015
УЧИНЧИ БЎЛИМ
Тирикликнинг эҳтимол ярмин
Ўтказасан хушомад қилиб.
Кимларнингдир бош кийимларин
Гардеробда қозиққа илиб.
Насиб этса бирорта мансаб,
Энди сенга хушомад бўлгай.
Ғанимлар ҳам илтифот айлаб,
Гардеробга телпагинг илгай.
Ўзингни ҳам қилдингми ҳурмат?
Дейсан, бунга тегмади қўлим.
Бу инсоний, қисқа бир муддат,
Умрингдаги учинчи бўлим.
25.12.2014.
КЕЧИР, ШЕЪРИМ
Кечир шеърим, кечиргин мени,
Йилар ўтиб, чарчадим, толдим.
Шундай пайтлар бўлодики, сени
Муҳофаза қилолмай қолдим.
Қудуқ қаздим, сув танқис дамлар,
Эришдим ҳам балки ютуққа.
Чўктирдилар лекин одамлар
Ўзим қазган ўша қудуққа.
03.12.2014
ШИФОКОР
Укам Анварга
Шифокор бўлишни хоҳладинг яккаш,
Бошқа касбу кордан тамом кечгансан.
"Худо урсин" деган каломга ўхшаш,
Гиппократ номига қасам ичгансан.
Араб шайхими у, подачими ё,
Сенинг қабулингда оддий бир бемор.
Қонун қувлаб юрган ўғрини ҳатто,
Даволашинг шартдир, чунки ваъданг бор.
Сени шогирдидек яратгандир Раб,
Ҳаётинг инсонга бахшида буткул.
Азиз одам учун турсанг ҳам йиғлаб,
Ёвуз бемордан ҳам узолмайсан қўл.
Ҳар қандай мушкулнинг топилар кори,
Ҳаво бор беморинг ётган хонада.
Фақат меҳр деган ноёб бир дори,
Учрамас ҳеч қандай дорихонада.
Дейман, бари сенда эрур мужассам,
Халатинг сингари хизматинг ҳам соф.
Гиппократга қанча ичмагин қасам,
Қалбингдан кетмасин Шафқат ва Инсоф.
6.02.2015
ҚИШЛОҚ ЗИЁЛИЛАРИ
(Эсдаликлардан)
Сиздан неча нафар қолди, билмадим,
Орадан ўтди-ку эллик-олтмиш йил.
Сизга эҳтиромим канда қилмадим,
Асло узилмади Сиздан бу кўнгил.
Бирингиз фельдшерсиз — ўртача дўхтир,
Бирингиз муаллим — галстук таққан.
Сизда армон деган сўз ўзи йўқдир,
Сиз — нурли уфққа энтикиб боққан.
Намуна бўлдингиз қишлоққа, элга,
Ўрисча сўзни ҳам қотирардингиз.
Риоя айлашиб адабий тилга
“Жуда”ни “йуда” деб гапирардингиз.
Ўзни нимагадир айлаб сафарбар,
Ҳаёлий душманга қирон солгансиз.
Ўқ ебди, дейишса, қайдадир аскар,
Сиз ҳам бошингизни бойлаб олгансиз.
Сиз дўхтир бўлгансиз, билмасдан асли
Қаерда жойлашган ўпка ё юрак.
Беморга бергансиз таскин-тасалли,
Ҳар хил дори-дармон шарт эмас демак.
Муаллим бўлгансиз, битта костюмни
Роса йигирма йил тепкилаб кийган.
Бирор шогирдингиз беш олган куни
Қалбингиз Наполеон фахрини туйган.
Сизни чулғаб олмиш ишонч мутлақо,
Буюк орзуларга тўлиққан мия.
Қоқ пўстак устида ёстиқсиз ҳатто
Уйқуга кетгансиз “Яшасин!” дея.
Сизни қадрларди эл-юрт бегумон,
Сиз ҳам халқ қадрига шаксиз етгансиз.
Лекин барчангиз ҳам ба ҳукми замон
Бири икки бўлмай ўтиб кетгансиз.
14.03.2015
ТАРБИЯЧИ
Қавмимни қанчалик зукко деб билмай
Афсус, кўп учратдим савиясизни.
Гапинг тузсиз десанг, ҳеч парво қилмай,
Олдингга келтириб қўяди тузни.
Фалончини арслон десангиз агар,
Қайтадан сўрайди: - ҳайвонми, дея.
Ўзини шу ҳолда ақлли санар,
Минглаб соддаларга берар тарбия.
16.03.2015 Тошкент, Дўрмон.
БЎРИ ОВИ
Қишлоқми ё овулга бўри оралаб қолса,
Отланиб чиқар эди дарҳол ботир йигитлар.
Бўри қочиб борарди, қани у қутулолса,
Одамдан ҳимо олиб, чопарди овчи итлар.
Охири йиқитдилар бўрини калтак уриб,
мажақлаб ташладилар метиндек катта бошин.
Зарари тегмайдиган ўлик душманни кўриб,
Ғажимоқчи бўларди кўппаклар энди лошин.
Арқон билан боғлашди жондорнинг оёғини,
Қишлоқ бўйлаб эринмай судрашдилар ярим кун.
Болалар силташарди бир қарич таёғини,
Муҳими, томошабин байрам қиларди бутун.
Ҳа, замонлар ўзгарди, лекин ҳайвонот бордир,
Азамат йигитлар ҳам кетган эмас йўқолиб.
Ҳар кимса ўз ўлжасин маҳв қилишга қодир,
Ҳатто чумчуқ сўйган ҳам ўзини санар ғолиб.
Эҳтимол, овчиликка йўқ энди унча талаб,
Ўлтириб кўрабергин, экранда турфа олам.
Ва лекин томошабин ўша-ўшадир, ажаб,
Судраб чопади топса мушукнинг ўлигин ҳам.
02.03.2015
АЙРИЛМА
Баҳра ол ҳаётнинг неъматларидан,
Яшаб юр, оламни ҳис қилиб, кўриб.
Ва лекин, пайт келиб, бунинг баридан
Айрилиб қолмагин тириклай туриб.
Таниш-билишлар-ку бордир тумонат,
Ким ҳам садоқатга бергай кафолат.
Ҳатто қасам ичган дўст ҳам омонат,
Айрилиб қолмагин тириклай туриб.
Қайдадир омадинг юлдузи имлар,
Парда бўладилар, лекин ҳар кимлар.
Бир кун ёдга тушар ўша ғанимлар,
Айрилиб қолмагин тириклай туриб.
Ҳар олган нафасинг ўзи ибодат,
Қалбингда яшайди пинҳон муҳаббат.
У – илҳом, у– ҳикмат, у – куч, у – қудрат,
Айрилиб қолмагин тириклай туриб.
Дунёда топганинг Ватандир танҳо,
Сенга халқинг ўзи суянч аввало.
Хокинг шу тупроққа бўлғусидир жо,
Айрилиб қолмагин тириклай туриб.
25.02.2015
КЕЧУВ
Аллақайси замонлар
Ер юзин босиб тўфон,
Неча-неча элларни
Қутуриб тўлқин ютган.
Ва ниҳоят ваҳший сув
Оқиб ўзани томон,
Омон қолган элатлар
Дарёдан кечиб ўтган.
Кечувларнинг номи бор,
Ким кўйганин билмайман.
Ҳар ҳолда баҳо мавжуд
Ҳар бирига муносиб.
Рост деган кечув бўлган,
Бунга шубҳа қилмайман,
Аллоҳ раҳмидан асло
Қолмаган у бенасиб..
Ёлғон деб аталгандир
Иккинчи кечув номи,
Унда бандалар нуқул
Ўтриклар тўқишгандир.
Иблис йўлдан оздириб,
Йўқолиб интизоми,
Аввал мен ўтаман деб,
Бир-бирин нуқишгандир.
Қайси кечувдан ўтдик?
Ҳеч кимнинг ёдида йўқ.
Билганим шу, шоирим,
Биз битта қайиқдамиз.
Мақтов албатта ёқар,
Ёлғондан ҳам кўнгил тўқ,
Фақатгина рост гапдан
Озгина ҳайиқамиз.
16.02.2015
ТАҚДИР
Мен-ку бу дунёни обдон ўргандим,
Уммонидан ториб тоғигача то.
Қувончли кунларни роса кўргандим,
Бенасиб қолмадим ғамдан ҳам ҳатто.
Энди хоҳлайсанми, йўқми – барибир,
Рўбарў келади сенга ҳам олам.
Фақат қувончимни кўрсатсин тақдир,
Бошқасин такрорлаш шарт эмас, болам.
09.02.2015
САВИЯ
Ҳа, биродар, ўз-ўзингни
Мақташдан аввал,
Ҳисобга ол савиянгни,
Онгингни тугал.
Маҳаллада яшар эди
Бир мусофир зот,
Илм билан меҳнат эди
Унинг чун ҳаёт.
Атай келиб бирор кимса
Олмасди хабар,
Олим ғоят хоксор эди,
Ғоятда камтар.
Бир кун юксак мукофотни
Бердилар унга,
Бироқ ҳеч ким зарра парво
Қилмади бунга,
Ва инчинун маҳаллада
Яшарди бир бой,
У ҳам бир кун ола қолди
Сийлов, ҳойнаҳой.
Қутлагани келишдилар
Жами боёнлар,
Димоғлари кўкка етган
Кибор инсонлар.
Байрам қилди ярим шаҳар
Баланди, пасти,
Лекин олим қайда қолди?
Ҳеч ким билмасди.
Ҳа, биродар, ўз-ўзингни
Мақташдан аввал,
Ҳисобга ол савиянгни,
Онгингни тугал.
08.02.2015 йил.
ШОКОЛАД
Чўнтагимга солиб олдим тўртта шокалад,
Ва ўзимча битта шартни айладим тайин:
Кимки мени алдамаса, сийлайман албат,
Шоколадни шу одамга совға этайин.
Кун бўйи бирор ғолиб чиқмади, ажаб,
Боз устига билмас эди ҳеч ким шартларни.
Уйга қайтдим, болаларни байрам деб алдаб,
Бўлиб бердим чўнтакдаги шоколадларни.
28.12.2014
Ф А З И Л А Т
Ариза ёзиб ё илтимос қилиб,
Ҳеч ким бу дунёга келган эмасдир.
Ҳар банда ўтирса ўрнини билиб,
Нафсига берилмай яшаса, басдир.
Меҳнату тафаккур, тажриба боис
Мукаррам бўлгайдир ҳамиша инсон.
Ким бундан мосуво – ҳурмат ножоиз,
Унинг одамлиги аслида гумон.
Оёқсиз бўлса-да сув ҳам юролган,
Ибрат ол, ҳеч қурса, сен унга қараб.
Ошёну уясин ўзи қуролган
Чумолига шараф, қушларга шараф.
Қарайман, мозийнинг довонларида
Ботирлар машъали то ҳануз порлар.
Гард бўлмиш тарихнинг майдонларида
Ясама полвону сохта тулпорлар.
Мансабу шон-шуҳрат, бойлигу дунё
Ҳалоллик туфайли азиз, муборак.
Наинки заминга, кўкка ҳам ҳатто
Фақат фазилатли бандалар керак.
16.12.2014
АРҒУВОН
Боғимга эккандим тўрт туп арғувон,
Вақт ўтиб, навқирон бўлди ниҳоллар.
Дерсиз: - Нимасига бўласиз ҳайрон,
Тегрангизда кўп-ку тераклар, толлар.
Шоён қувонч бергай яшиллик бари,
Янтоқ шакари ҳам болдан кам эмас.
Лекин арғувонга боққаним сари
Дилимда ортади ҳайрат ва ҳавас.
Ахир, кўз ўнгимда улғайди ниҳол,
Нега ғурурланмай, эккан мен ўзим.
Балки не оғочлар топгайдир завол,
Буларнинг умри-чи, жуда ҳам узун.
Бир куни менинг ҳам тинар қонларим,
У ёғи не кечар? Мавҳумдир бизга.
Менинг шу азамат арғувонларим
Киргайдир безавол неча бир юзга.
Довул урмаса бас, кесмасалар бас,
Бўй сочиб, ҳамиша гуркираб тургай.
Қанча юракларда қўзғатиб ҳавас,
Келажак кунларнинг жамолин кўргай.
Тўртликлар
Ночорнинг устидан кулма ҳеч қачон,
Билмасдан камситма, бойвачча ўғлон.
Топган ақчасига нон олгайдир у,
Кекса онасига ё дори-дармон.
***
Дунёда тириклик эмасдир осон,
Худкашлик эса-чи, ёмондан ёмон.
Фақат Яратганнинг исмин такрор эт,
Бошқа чора йўқдир, йўқ ўзга имкон.
***
Сени кўрай дедим – тонгларим отди,
Оразинг ёришиб, тунни йўқотди.
Лекин қора сочинг юзингга тушгач,
Яна тун бошланди, қуёш ҳам ботди.
***
Ташна қултум сувни орзу этгайдир,
Олтин пиёлани ахир нетгайдир?!
Беморга мол-дунё ваъда айлама,
Бир оғиз ширин сўз унга, етгайдир.
***
Мағизни пўчоққа қарши қўяр у,
Оловни ўчоққа қарши қўяр у.
Иккиси то абад бирлашмасин, деб
Ўртоқни ўртоққа қарши қўяр у.
***
Дунёда учрайди шундайлар, билсанг,
Алиф ҳам чиқмайди қорнини тилсанг.
Ҳаммани ўзига ўхшатади у,
– Қанча олдинг, – дейди, яхшилик қилсанг.
ВАТАН МЕҲРИ
Синглим Бибисорага
Хасталикка йўлиқдим Ватанимдан йироқда,
Вайрон бўлди минг карра шундоқ ҳам вайрон кўнглим.
Денгизу тоғлар оша, гоҳ яёв, гоҳ учоқда
Мени кўргани келдинг, Бибисора, жон синглим.
Эллик йил айро тушган икки жигарбанд мисол
Ака-сингил йиғлашдик, елкаларга қўйиб бош.
Шу лаҳза онам руҳи чарх урарди эҳтимол,
Балки отам арвоҳи тиларди бизга бардош.
Ношукурлик ёмондир, яшадим-ку ҳарқалай,
Қайга борсам, мухлислар бизники деб аташди.
Бироқ ўтган йилларнинг феълин ҳам айтиб ўтай:
Аввало қўрқитдилар, сўнгра эса талашди.
Бойлик ва амал топиш қийин эмас дунёда,
Жиндек чаққонлик билан устакорлик бўлса, бас.
Душман-ку пойлаб турар ҳар ўру ҳар қиёда,
Фақатгина чин дўстни учратмоқ осон эмас.
Мен ҳам бир дўст ахтариб, шамол мисоли елдим,
Гоҳо топдим, гоҳида тополмай чекдим алам.
Тўрт мучанинг қадрини ёшим ўтганда билдим,
Жароҳат топдим гоҳо туянинг устида ҳам.
Донишмандлар ҳаётни аслида синов дейди,
Бу ҳикматни ҳар инсон ўзича англар бироқ.
Тирикликда собит бир мантиқ бўлса қанийди,
Бўрилар қолиб кетиб, қўйни синашар кўпроқ.
Соғайиб, сафингизда юрарман ҳали мен ҳам,
Ошно бўлиб шеър деган абадий бир сеҳрга.
Ёлғиз Худога солдим, гар бировдан етса ғам.
Лекин мудом талпиндим инсоний бир меҳрга.
Ким бўлибман аҳир мен, меҳрга зор-ку башар,
Чулғаб олмиш оламни зўравонлик ва ақча.
Оддий бир тўптепарга қиёслаб кўрсанг агар,
Гомер ва Толстойнинг нархи бўларкан қанча?!
Ҳа, одам боласи бу, қон қақшатар дилларни,
Қўли ҳеч бўшамайди иғво билан урушдан.
Кўрдим афсус дунёда ҳатто шундоқ элларни,
Завқ олади ўз бирин топтаб, ерга уришдан.
Сен Ватаним меҳрини келтирдинг, Бибисора,
Энди оёққа тургум соғ - омон, ўйнаб-кулиб.
Билиб қўй, бу меҳрни топиб бўлмайди сира,
Инчунин, у кўрингай гоҳида сингил бўлиб.
ДИПЛОМАТ
Дипломат ҳаётин булдир мазмуни:
Икки кунки ҳеч ким тополмас уни.
Подшоҳ чақирганди биринчи кунда,
У кир ювмоқдайди иккинчи куни.
ДЎКОНЛАР
“Соғлик” деган дўконда эдим
Мен, дардлардан азоб тортувчи.
– Бир оз беринг соғлиқдан, – дедим,
– Тугаб қолган, – деди сотувчи.
“Омад” деган дўконга кирсам,
Пештахталар турар қуп-қуруқ.
– Кутинг, – дейди сотувчи беғам,
Омад ҳали келганича йўқ.
КУНДАЛИК ГАПЛАР
Менга ташвишлардан йироқ юр, дейсан,
Чарчагансан, дейсан, шундайликча ҳам.
Фақат сен муттасил ғамимни ейсан,
Лекин ҳаёт бошқа, азизам, бекам.
Магар кирсанг бирор дорихонага,
Киссавур ургандай чиқасан бўм-бўш.
Ишонгин ҳозирги бу афсонага,
Нолимай, ақчангга қилгин хайр-хўш.
Ишхонанг эшигин бесўроқ албат
Кимдир очиб кирар салобат билан.
Ҳеч бир муросага қилолмас тоқат,
Даҳоман, дейди у важоҳат билан.
Уйингга қайтасан, набиралар шод,
Бобом келдилар, деб солади чуввос.
Сен учун ўша дам бошланар ҳаёт,
Тоза ва мусаффо хаёлингга мос.
Гўё ўзанига тушгандай дарё,
Гўёки йўқ энди ҳеч кимдан гинанг.
Чой келар, шопириб қарайсан, оббо,
Дамлашни билмабди кичкинтойгинанг.
18.03.2015
МУЛК
Ожиз банда, гапларимни кўнглингга олма,
Замин Аллоҳ мулки эрур, сен чангал солма.
Мусофирсан, муҳожирсан ернинг устида,
Муддатингни яшадингми – йўлингдан қолма!
Ҳ А Ё Т
Буви набирасин авайлар ҳар вақт,
Шамоллаб қолма, деб уқдирар фақат.
Набираси дейди: – Соғ юринг Сиз ҳам,
Биламан, бувижон, дорилар қиммат.
ХЕШУ АҚРАБО
Ишларинг юришиб тургани асно,
Кўпайиб кетади хешу ақрабо.
Дарвиннинг китобин қўлтиқлаб олиб,
“Тоға”, деб келади маймун ҳам ҳатто.
ҚАРИЯЛАР СУҲБАТИ
Ёмғирлар ёғарди қирқ кеча-кундуз,
Қорлар ёғар эди теракни кўмган.
Тулпорлар бўларди кўзлари юлдуз,
Пойгада рақиблар чангини кўрган.
Йигитлар бўларди бақувват, бардам,
Бир ўзи ер эди бир семиз қўйни.
Тобутлар бўларди файзли чунонам,
Тўлдириб ўтарди маҳалла-кўйни.
Кун кўриш
Чалпак ёққан эмас осмондан асло,
Ҳар ким насиб этган луқмасин еган.
Одам болаларин лафзида аммо,
Битта ибора бор Кун кўриш, деган.
Аслида бу қисматга йўлиққан ҳар кас
Орзу умидидан айрилган демак.
Қайда бир унумни илғадими, бас,
Ўша томонга у югурган бешак.
Кун кўриш дегани ўртаб дилларни,
Амаллаб яшашдан бир белги, нишон.
Забтига олгай у ҳатто элларни,
Не-не мардларни ҳам айлагай яксон.
-Нега ёлғон айтдинг, алдадинг нега,
Нега ҳақни ёқлаб бермадинг туриш?!
Дейди:-сен Ҳақ дейсан, жон керак менга,
Кун кўриш керакми, ахир кун кўриш.
Кун кўриш йўлида юрарлар куйлаб,
Кун кўриш дардида тўкарлар кўз ёш.
Агарда теранроқ қарасанг ўйлаб,
Жаллод ҳам кун кўриш учун олгай бош.
Фақат кун кўриш деб қилинган ишдан,
Баҳра топармикан бирорта банда.
Одам чарчар бир кун бундай юмушдан,
Ўзини ўйлар-ку ҳеч бўлмаганда.
Улуғ орзуларга этганди даъват
Фидойи инсонлар – беназир зотлар.
Наҳотки, кун кўриш йўлида фақат
Ёниб битган бўлса ўша ҳаётлар?!
Инсоф бера қолсин ҳар кимга Эгам,
Ҳаёт кўзгусида турланмоқ нечун.
Эҳтимол, мана шу сатрларни ҳам,
Ёзиб тургандирман кун кўриш учун.
09.11.2014
МАШРАБ
Энагаси алла айтар Машрабга боз-боз,
– Катта бўлсанг Хон бўласан, аллаё алла.
Ўша заҳот эшитилар бешикдан овоз:
– Алдаё алда!
АПРЕЛ
Борлиқ кийиб олган мовий бир либос,
Ел эсар – баҳорнинг пилдироқлари.
Қалбингда уйғотар ажиб эҳтирос,
Апрел осмонининг қалдироқлари.
Ёмғир таралади кўм-кўк адирда,
Узоқ қирда эса ялтирар қуёш.
Бундай нафислик йўқ ҳеч бир атирда,
Руҳингни яйратар ҳаво, тоғу тош.
Қофия йиғишар шеърга – назмга
Жажжи жилғаларнинг шилдироқлари.
Атрофни чақирар яшил базмга
Апрел осмонининг қалдироқлари.
06.04.2015
ЧИДАЙСАН, БОЛАМ
Жисмимни кўтариб турибди тупроқ,
Ернинг устидаман, йўқ зарра нолам.
Ўзи чорлар бир кун бағрига, бироқ
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.
Ҳай дунё, ўзингни бир пулга сотдинг,
Калава топдинг-у учин йўқотдинг.
Мен каби охири ғафлатда қотдинг,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.
Инсон эзгуликдан топгай фароғат,
Нима зарур унга зулму қабоҳат.
Кимдир уриштириб, қилгайдир роҳат,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.
Ерни ҳам, кўкни ҳам айладим тавоф,
Лекин ҳеч биридан чиқмади жавоб.
Бўғзимда "Нега?" деб қотди бир хитоб,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.
Дунёга боқмадим мен асло ёвдек,
Гоҳо тўсса ҳамки йўлимни ғовдек.
Ҳар ҳолда гаплашдик икки соқовдек,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.
30.03.2015 й.
ИККИ ХУШОМАДГЎЙ
Икки хушомадгўй учрашди бир кун,
Очиғи, тажриба алмашмоқ учун.
Шундоқ бошлаб қолди гапни ҳаваскор:
– Менинг қалбим тўла ғурур, ифтихор.
Охири меники бўлди хўжайин,
Ишларим юришиб кетмоғи тайин.
У кун ўзларини яладим анча,
Товонидан тортиб тиззасигача.
Гал келди иккинчи хушомадгўйга,
Гапин бошлади у, толганча ўйга:
– Ҳозирги касбдошлар ўзгарган буткул,
Камтарликни билмас, мақтанар нуқул.
Мана биз донгдормиз, танийди ҳар ким,
Лекин ўтирибмиз, гердаймасдан жим.
Айтсам ишонмайсан, эҳ содда укам,
Ялаганмиз ундан юқорисин ҳам.
18.04.2015
ЛУТТИБОЗ
Виждонли одамлар ортгани сайин,
Лўттибоз сони ҳам кўпайиб борар.
Текинхўр аталур бу қавм тайин,
Ажабки, кўп ишни шулар бошқарар.
Виждоннинг бошига чиққани кўйи,
Ўзини менгзайди тенги йўқ довга.
Жинжакча келмайди ўзининг бўйи,
Ёқса, тутантириқ бўлмас оловга.
19.04.15
ТАЪМА
Мен қайси домлага эргашай, ҳайҳот,
Ишончим топтаса таъмагир ҳаёт.
Дуо қилганман, деб бир йил муқаддам,
Ҳақин сўраб келди бугун ўша зот.
21.04.2015
ТУТАШ ДУНЁЛАР
Марҳум жўраларим,
Эслайман сизни,
Энди айлангансиз тушга, рўёга.
Бирма-бир кетдингиз тарк этиб бизни,
Бошқа ўлчовдаги бошқа дунёга.
Балки ўзга эрур унда тизим ҳам,
Хаёлга эрк бериб, тахмин қиламан.
Қанчалик рангбаранг бўлмасин олам,
Руҳингиз ўшадир, буни биламан.
Сирли хилқатингиз ўзингизга хос,
Албатта фарқлидир одат-тарзингиз.
Ҳеч кимда бойлик йўқ, ҳеч кимда либос,
Демакки, ҳеч кимдан йўқдир қарзингиз.
Сизни кўргим келар, соғинаман гоҳ,
Ўтса томошалар, байрам, кўриклар.
Чеҳрангиз намоён бўлар баногоҳ,
Менинг яккалашса манов тириклар.
Майли турсангиз ҳам чексиз йироқда,
Оромда ётгайсиз, мудом кўнгил тўқ.
Уруш бегонадир, ҳатто у ёқда
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти йўқ.
Жами эзгуликни қутлайсиз бешак,
Ажратмай Шимолу Жануб ёқларни.
Мажлис ҳам қилмассиз, билмассиз демак
Коридорда юрган мақтанчоқларни.
Содиқ фариштангиз поспондир, илло
Хонангиз – коинот мудом саришта.
Ерда рўзғор қилса бир кун мабодо,
Ақлдан озарди ўша фаришта.
Эслайман сизларни шу дам Шукуржон,
Дўстим Убайдуллоҳ, азизим Ўткур.
Дуолар қиламан, мақтайман чунон,
Илоҳо, руҳингиз бўлсин тинч, масрур.
Лекин куйингайман дўст деб барибир,
Ахир тириклик ҳам ҳикмат-ку азал.
Сизни эслаганда эсланар қадр,
Бу – ноқис дунёда ибрат ҳар маҳал!
Сира унут бўлмас суронли ҳаёт,
Кураш ва ғалаба, турфа хил ҳислар.
Сизни тушимизда кўргаймиз бот-бот,
Балки сизнинг тушга киргай мажлислар.
17.04.2015