top of page

Абдулла Орипов Уй-Музейлари

Абдулла Орипов хотираси учун ташкил этилган музейлар — улуғ шоирнинг ҳаёти, ижоди ва маънавий меросини авлодларга етказишнинг муҳим масканларидир. Хьюстон, Тошкент ва Қаршида жойлашган ушбу музейлар, шоирнинг турли даврлардаги ҳаёт йўлини ва ижодий муҳитини ўз ичига олади. Улар меҳмонларга шоирнинг руҳий оламига назар ташлаш, миллий адабиётнинг юксак қадрини ҳис қилиш имконини беради.

Абдулла Орипов Шеърият ва Хотира Маркази — Хьюстон

Хьюстондаги Абдулла Орипов Шеърият ва Хотира Маркази — шоир умрининг сўнгги ойларини ўтказган ва ижодий фаолиятининг муҳим босқичи кечган хонадонда ташкил этилган уй-музейдир. Музей икки махсус ажратилган хоналардан иборат бўлиб, уларда шоирнинг шахсий буюмлари, қўлёзмалари, китоблари, расмий ҳужжатлари, турли йиллардаги суратлари ва унинг ижодий муҳитини акс эттирувчи ашёлар жой олган.

Абдулла Орипов Хьюстонда 200 га яқин шеър ва “Самовий тўй” драматик асарини ёзгани билан бу маскан алоҳида аҳамиятга эга. Музейнинг икки махсус хонаси асл ҳолатида сақлаб қолинган бўлиб, меҳмонлар шоир яшаган ва ижод қилган муҳитни бевосита ҳис қилиш имконига эга бўладилар.

Mазкур маскан 2026 йил 21 июн куни расман очилиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилган. Бу маскан нафақат хотира жойи, балки ёшлар, тадқиқотчилар ва адабиёт ихлосмандлари учун халқаро адабий мулоқот ва илҳом манбаини яратишга қаратилган.

Houston Muzey_edited.jpg

Абдулла Орипов Уй-Музейи — Тошкент (Дўрмон)

Тошкентнинг Дўрмон ижод масканида жойлашган Абдулла Орипов Уй-Музейи — шоир 1996–2016 йилларда яшаб, ўзининг энг муҳим асарларини яратган хонадон. Бу уй Дўрмон ижод уйи билан бир мажмуани ташкил қилади ва Ўзбекистон адабиётининг энг машҳур ижодкорлари тўпланган муҳитнинг марказида жойлашган.

Экспозицияда шоирнинг қўлёзмалари, шахсий буюмлари, мукофотлари, расмий ҳужжатлари, турли йиллардаги суратлари ва унинг ижодий жараёнини акс эттирувчи ашёлар сақланган. Музейда Абдулла Орипов фойдаланган иш столи, китоблари, қораламалари ва ижодий муҳити асл ҳолатида тикланган.

Уй-мазкур маскан 2026 йилда шоирнинг 85 йиллик таваллуд айёми муносабати билан қайта таъмирланиб, кенг жамоатчилик учун очилган. Дўрмондаги уй-музей Абдулла Ориповнинг 20 йиллик ижодий ҳаётини, унинг руҳий оламини ва асарлар яратилган муҳитни тўла намоён этади. Бу жой нафақат хотира макони, балки ёшлар ва тадқиқотчилар учун миллий адабиётни чуқур ўрганишга хизмат қиладиган маданий марказдир.

Dormon Muzey.jpg

Абдулла Орипов Хотира Макони — Қарши

Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов Хотира Макони — шоир меросини асраш ва ёш авлодга етказиш мақсадида ташкил этилган маданий ва таълимий жой бўлиб, у Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг биринчи қаватида жойлашган.

 

Музей Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган бўлиб, 2018 йил 28 август куни расман очилган. Экспозицияда шоирнинг шахсий буюмлари, ҳадя қилинган ашёлар, турли йиллардаги суратлар ва адабий меросига оид материаллар намоён этилган.

 

Мактаб биноси ёнида Абдулла Орипов ҳайкали ўрнатилган бўлиб, архитектура ансамбли шоир шеърларидан олинган сатрлар билан бойитилган. Музей ва мактаб биргаликда ёшлар учун адабиёт, она тили ва миллий меросни чуқур ўрганишга қаратилган замонавий таълим маскани сифатида хизмат қилади. Президент Мирзиёев ташриф давомида музейни кўздан кечириб, ўқувчилар билан суҳбатлашган ва уларни шоирнинг муносиб ворислари бўлишга чорлаган.

Qarshi Muzey.jpg
bottom of page