top of page

КАПАЛАК


Бир кун яшар экан баъзи капалак, Табиатнинг бундай ўйинига боқ. Мақсади шунчаки яшашмас, демак Насл қолдирмоқдир, авлод қолдирмоқ.

Жуда раҳмим келар шўрлик бу жонга, Кўрди тирикликни атиги бир кун. Боқиб улгурмаган балки осмонга, Балки йўқмиз биз ҳам капалак учун.

Етмас барчасига одамнинг ақли, Бутун олам ўзи топишмоқ гўё. Узоқ яшайдиган икки оёқли Ғалати зотлардан иборат дунё.

Уларнинг ишлари эгрилик аксар, Тўғрилик устидан бўлай дер ғолиб. Капалак икки кун яшаганда гар, Гербарий қиларди альбомга солиб.

Ушбу шеърим учун маъзур тут, жўра, Дема, капалакдан шунчами малол? Мудом ҳадик билан яшашдан кўра, Эртароқ кетиш ҳам афзал, эҳтимол.

29.05.2015


Arxiv
bottom of page