

ИНСОН ҒУРУРИ
Йигитнинг уйида тинчи йўқ зарра,
Сен эса ўқийсан унга йўл-йўриқ.
Файласуф, миянгни ишлат бир карра,
Уни тергамоққа асло ҳаққинг йўқ. Темир қоидангга риоя айлаб,
Сенга ҳам берайин майли бир савол:
– Нега уйғонмадинг тонггача ухлаб,
Нега овқат ейсан ўзинг бемалол? Ким инсон қалбига кирса берухсат,
Ҳаттоки, ҳайвондан ваҳшийроқ эрур.
Шу ҳолда туғилиш зулмдир, албат,
Туғилмаслик ундан яхшироқ эрур. 30.04.2015


ШОШИЛ, ҚУЁШ
Шошил қуёш, ўзингни кўрсат,
Нуринг билан ўраб ол теграм.
Худо билар, ўтмай сал фурсат,
Тополмассан кўланкамни ҳам. Шамол шошил, шошилгин ёмғир,
Тезроқ қуршанг елкам, бошимни.
Бирдан ғойиб бўлурман, ахир,
Учратмассиз ҳатто лошимни. Вақт чопмоқда билмасдан тиним,
Дўстим, етар, анқайма, очил.
Имиллама сен ҳам ғанимим,
Ёмонлигинг қилишга шошил. 29.04.2015й.


ҚЎҒИРЧОҚ ҚИССАСИ
Бир шум хабар маҳаллада
Қанот қоқди,
Эркатой қиз қўғирчоғи
Сувга оқди.
Эркатой қиз хўжайиннинг
Қизи эди,
Қўғирчоқ-чи, унинг кўрар
Кўзи эди.
Жалб қилинди "Сувсоз"ларнинг
Мироблари,
Сузадиган, сузмайдиган
Ғаввос бари.
Дейдиларик, иш қутилмас
Ўртоқликдан,
Қўғирчоқни топишдилар
Ботқоқликдан.
Маҳалланинг шодлигига
Йўқдир таъриф,
Ош тортилди ва ўқилди
Амри маъруф.
Эркатой қиз фақат бағрин
Тиғлар эди,
Менга ҳеч ким қарамас деб
Йиғлар эди. 28.04.2015

ОГОҲЛИК
Қора кунлар келди кўҳна диёрга,
Устоз йиғлай-йиғлай айлади хитоб:
– Майли сувга оқсин, сингсин деворга,
Нодоннинг қўлига тушмасин китоб. Енгди маърифатни манфур жаҳолат,
Ўзбекда қатағон даври бошланди.
Қодирий мухлиси қилинди ғорат,
Чўлпонни ўқиган отиб ташланди. Йиллар ўтиб кетди, озодмиз шукур,
Лекин сен огоҳ бўл, маърифатли жон.
Ҳали тирик юрар каламуш қурғур,
Кўзлари йилтираб турибди сичқон. 25.04.2015


ТЎРТЛИКЛАР
* * *
Ёмон аёл деган бир ибора бор,
Ҳеч кимга тегмасин бу тамға зинҳор.
У аввал эрининг бошини ейди,
Сўнгра болаларга ўтади, маккор. * * *
Айланар тегирмон тоши саросар,
Бошим ўртадаги донга баробар.
Менга ҳавас қилма, турмуш зулми бу,
Метин ҳам чидамас унга, биродар. * * *
Кўрдим, ғолиб экан мудом ёлғонлар,
Турмуш жиловини қўлга олганлар.
Марҳумлар гапирмас, лекин номидан –
Сайраб юрар экан тирик қолганлар. 26.04.2015


АНКЕТА
– Бобонг қачон ўлган?
– Ўтган асрда.
– Қаерда яшаган?
– Улкан қасрда.
– Касал бўлганми у,
Айтгин, не қилган?
– Каптарвоз эканлар,
Томдан йиқилган.
– Анкетада чиққан
Жавобга кўра,
Қариндош эканмиз,
Қўлни бер, жўра. 25.04.2015


ОИЛА ЯНГИЛИКЛАРИ
Бола ўқиб қайтди хориждан бир кун,
Касби кор орттирди: дипломли меъмор!
Уйда байрам бўлди момоси учун,
– Болам, тандир қургин, ўтирма бекор. Биттаси инжинер бўлиб қайтди-ку,
Темир-терсакларга бағишлармиш жон.
Тоға ўғил бола гапни айтди-ку:
– Эски аравам бор, тузат жиянжон. Катта дўхтир бўлди кенжатойи ҳам,
Бобо дер: – Ғурурга энди тўлайлик.
Бироз ҳашакидир дардимиз болам,
Сенга муносиброқ касал бўлайлик. 25.04.2015


Тоғ боласи
Юксак тоғлар ичра қора кўз бола
Яшарди ҳур, озод, кўрмай ғам, нола. У фақат борлиқдан андоза олган,
Жами жонзотларга дўст бўлиб қолган. Балки одамларни англамас, аммо
Табиат феълини биларди аъло. Биларди арслоннинг буюклигини,
Оҳунинг нозик ва суюклигини. Гўё сўрагандек меҳр ва нажот
Ундан қочмас эди сира ҳайвонот. Бир куни қўшнилар чиқдилар йўлга,
Қўноқ бўлмоқ учун пастга – овулга. Ҳар нечук, бу ерда бошқароқ олам,
Ола кетишдилар болакайни ҳам. Бироқ кўникмади бола ҳе


ТАЪМА
Мен қайси домлага эргашай, ҳайҳот,
Ишончим топтаса таъмагир ҳаёт.
Дуо қилганман, деб бир йил муқаддам,
Ҳақин сўраб келди бугун ўша зот. 21.04.2015


КИБР
Мен борман – дунё бор, мен йўқ – дунё йўқ,
Фақат бугунни бил, фақат бугунни.
Бисотинг мавжудми – кўнглинг бўлсин тўқ,
Эслама, охират деган у кунни. Турли афсоналар тўқийди одам,
Севги бу – қушда ҳам учрайдиган нафс.
Бордир ўз эгаси эрта куннинг ҳам,
Менга келажакдан ўқийверма дарс. Инсоф нодонларга эрур муносиб,
Сен-чи, фақатгина ўз-ўзингни бил.
Ҳатто авлиёлар ҳокини босиб,
Мақсадга интилгил, мақсадга интил. Уч-тўрт хаёлпараст букканича қад
Тушининг таъбирин топгуни