top of page

ЯНГИ АСР МАНЗАРАСИ


Еганнинг оғзига термулиб турмоқ, Энг қабиҳ камситиш инсонга доим. Тамшаниб ўтирган болани кўрмоқ, Яхлит маломатдир, асра Худойим.

Ҳамма бир-бирига боқар шукуҳсиз, Теграсин кўрмайди, юмуқдир кўзи. Улкан яйловдаги қалбсиз ва руҳсиз Тўдадан иборат гўё ер юзи.

Унутиб қўйгандир заминни само, Балки инсон учун у ҳам абасдир. Бировга яхшилик қилмаслар асло, Ёмонлик қилмаса шу ўзи басдир.

Шамоллар елмайди на Шарқ, на Ғарбдан, Уфурмас гулларнинг атри-нафаси. Эллару элатлар чарчаган ҳарбдан, Ҳар ёнда алам ва забунлик саси.

Черков қўнғироғи жаранги тинмас, Ҳар тонг минорадан таралар азон, Уларнинг борлиги лекин билинмас, Бепоён яйловда кезади инсон.

09.07.2015


Arxiv
bottom of page