top of page

ОСМОНДАГИ ЗИЛЗИЛА


Учардик олис юртга,

Булутлар кўп, ялтироқ.

Дафъатан самолётни

Тутиб қолди қалтироқ.

Безгакка ўхшаб кетар,

Ёхуд зилзила каби.

Биз дердик: - Субҳоноллох,

Ё Яратган, ё Наби.

Бир кампир учувчини

Қарғаб, гўё тиғларди.

Калима қайтаролмай,

Мен ҳам шу, - деб йиғларди.

Тинимсиз дерди бир чол:

-Гуноҳларга ботганман.

Ҳаж қилгани борганда,

Ул-бул нарса сотганман.

Учардик олис юртга,

Булутлар кўп, ялтирок.

То ҳануз самолётни

Қуйвормасди қалтироқ.

Бир олим ғўлдирарди:

-Худо, ҳолимга боққин.

Ҳай аттанг, кўп едим мен

Талабаларнинг хақин.

Қандайдир танқидчи ҳам

Бор эди бу салонда.

Ўлим-ку барҳақ, лекин

Ваҳимаси ёмон-да.

У дерди: - Кун кўрай деб,

Қорани ҳам оқладим.

Ўзимга ҳеч ёқмаган

Китобларни ёқладим.

Фақат битта болакай,

Қоракўз, озғин, нимжон.

Онасига биқиниб,

-Қўрқманг, - дерди, аяжон.

Талваса ўтиб кетди,

Тинчланди самолёт ҳам.

Худога минг шукур деб,

Ўтирар кампир хуррам.

Бозорчи ҳожи ҳамон

Қовриларди ҳисларда.

Дерди: - Тижорат мумкин,

Айтилган ҳадисларда.

Олимнинг-чи тинчи йўқ,

Аланглаб турар кўзи.

Дерди: -Нетай, талаба

Келтириб берар ўзи.

Танқидчи очиқ-ойдин

Талмовсирар, тушмай паст:

-Мақта, деб қўйишмайди,

Адиблар шуҳратпараст.

Самолёт учиб борар,

Босилганди ҳаяжон.

Фақат қоракўз бола

-Қўрқманг, - дерди, аяжон.

АҚШ. Хьюстон, 26.07.2015


Arxiv
bottom of page