top of page

ҲАНГОМА


​Бир кун шогирдига деди устози:

-Майли, шеъриятда қаср қурмагин.

Ҳатто, ёзмасанг ҳам, майли мен рози,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Қодирий, Чўлпонга мухлис бўлганлар,

Гуллаб турган чоғи бевақт сўлганлар.

Ёхуд Магаданда музлаб ўлганлар,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Шеърини ўқигинг келса агарда,

Ўқи-ю, нуқсон кўр ўша асарда.

Турсин оралиқда темирдан парда,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Керакли одамнинг изидан қолма,

Унга хизмат қилиб, ҳеч қачон толма.

Фойдасиз кимсага қулоқ ҳам солма,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Мени огоҳ қилди эски бир ошнам,

Боқсанг посангига - ҳеч бўлмайсан кам.

Виждоннинг ўзи йўқ, чекма сира ғам,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Дунё ўткинчидир, яъни муваққат,

Ҳамиша мавжуддир ўша ҳақиқат.

Олдингда ғов бўлса, йўқот шу фурсат,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Шунда танбеҳлардан бўлгайсан озод,

Ўт босган пайкалинг аталгай обод.

Сулаймон ўлди-ю, девлар демак шод,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Мудом иш беради бизларга ёлғон,

Билиб турибдими содда оломон.

Сени Фирдавсий, деб қилгаймиз эълон,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Бошлиқлар келганда, чиққин югуриб,

Тинмай, пояндозни тургин супуриб.

Талантли дейдилар ишингни кўриб,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Давра қур, ҳеч кимдан ҳайиқма аммо,

Рўйхатлар тузгаймиз, янги мутлақо.

Унга бегоналар кирмайди асло,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Ҳеч кимса ўйламас, - сен қайси тараф,

Тарихнинг корига қолдик-ку яраб.

Бўйларин ўлчайди бизларга қараб,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Ҳатто нуқсонимиз бўлгай фазилат,

Саводсизлик эса олий маърифат.

Манманлик айб эмас, балки жасорат,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Содиқ итларинг кўп- сени қўллайди,

Гарчи, ҳар замонда бир бор туллайди.

Хурсанд бўл, ижодий боғинг гуллайди,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Эҳтимол, китобинг ўқимас биров,

Бозорчи пистасин ўрайди дарров.

Лекин нописандлик бизнинг қудрат, дов,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Эгалари кетса - тул адабиёт,

Ҳаёсиз жойларда пул адабиёт.

Қолди ўтмишларда ул адабиёт,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Бизнинг ҳам шубҳасиз ўз режамиз бор,

Исковуч, чақимчи кадрлар бисёр.

Закот бериб турсанг ҳамма сенга ёр,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Альбомлар ясаймиз кўркам, улуғвор,

Ойбекнинг ўрнига мана, биз тайёр.

Фақат Қаҳҳор домла тўғри сўз, айёр,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Ва лекин чўчитар ўзга бир даҳо,

Ўрнидан қўзғалмас Навоий бобо.

Туҳфа қилсакмикан бошқаларга ё,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Бульдозер қўйса ҳам ўрнингдан жилма,

Унча-мунча гапга парво ҳам қилма.

Сендайлар кўп ҳозир, даврон сур, ўлма,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

Рўпара келса ким, суришажакмиз,

Шубҳа йўқ, орзуга эришажакмиз.

Кўп борса, Дўзахда кўришажакмиз,

Абдулла Орифга яқин юрмагин.

А.Қ.Ш. Хьюстон. 19.10.2015


Arxiv
bottom of page