БОЗОР

 

Ўйиндан бўшамайди одатда бола зоти,

Ҳовлимизда у кун ҳам қувонч шамолдай елди.

Дарвозадан югуриб чиқдик ўша заҳоти,

- Отам бозордан келди, отам бозордан келди.

 

Хуржунни тортқилаймиз, жим турар қирчанғи от,

Таралар болаларнинг қий-чувлари ҳовлига.

Бу- хўрозқанд, бу- пашмак, буниси эса новвот,

Парво қилмайди ҳеч ким саратоннинг ҳоврига.

 

Отам секин елпинар, пешона терин артиб,

Бизларнинг ташвишимиз чарчатганди бегумон.

Ҳар бозорда ҳар қайда бор эрур шундай тартиб,

Албатта, уйимизда қайнайди бугун қозон.

 

Салқин оқшом тушади, супададир бизнинг жой,

Етаканни санаймиз, боққанча юлдузларга.

Оғзимизда хўрозқанд эриб битган, ҳойнаҳой,

Қани энди, уйқу ҳам кела қолса кўзларга.

 

У йиллар ўтиб кетди бамисоли рўё, туш,

Қанчалар оҳ чекмайин, кўрмасман уни қайта.

Ўтказдим ўз умримни баъзан хуш, баъзан нохуш,

Ошдим неча довонни шукрона айта-айта.

 

Мени кутиб тургандир балки у Олий Даргоҳ,

Энди мен мўйсафидман, рутбам ҳам балки Ҳотам.

Лекин дарвоза томон қараб қўяман гоҳ-гоҳ,

Бозорга кетган эди, қачон қайтаркан отам.

8.07.2016

Please reload

ИНСОН

12.01.2017

1/10
Please reload

17.12.2019

17.12.2019

16.12.2019

Please reload

Arxiv
Please reload