top of page

ҲАМЖИҲАТЛИК


Қадимда яшаган экан бир ҳоқон, Давлати қудратли, халқи фаровон.

Лекин бир кун қўзиб фотиҳлик дарди, Ўзга мамлакатга хуфя юборди.

Ўша томонларга дарҳол ел, деди, Қудрати нимада, билиб кел, деди.

Кунлар ўтиб охир, хуфя ҳам қайтди, Барча билганларин бирма-бир айтди.

Деди: – Кирмас бунга ўрмон, сойлиги, Бойлиги кўп экан, кўпдир бойлиги.

Жим ўтирган ҳоқон бирдан тутоқди, Қаҳрли сўзлари дарёдай оқди.

Деди: – Мен чинорман, у эса чўпдир, Ундан бойликларим юз бора кўпдир.

Менга маъқул эмас ушбу хабаринг, Кўринма кўзимга, сотқинсан баринг.

Иккинчи хуфяни топди-ку ҳоқон: – Сирни сен билиб кел, югур, чопағон.

Хуфя бориб келди, бамисли шамол, Кўрганин етказди ҳоқонга дарҳол:

– Мен борга жойларда яроқ кўп экан, Ҳар ён қилич-қалқон, минглаб тўп экан.

Бу гапни эшитиб қичқирди ҳоқон: Деди: – Қуролимни кўрмабди жаҳон.

Қимирлаган жонга берганман яроқ, Қилич тақиб олган ҳатто чақалоқ.

Қутурган туялар, совутли филлар, Кўрса тилдан қолар не мағрур эллар.

Менга душманимни турибсан мақтаб, Ҳоқон бунисин ҳам юборди ҳайдаб.

Энди йўлга чиқди хуфя – учинчи, Аралашиб кетди ёлғончи, чинчи.

У ҳам қайтиб келди бир муддат ўткач, Сўзлади, ҳоқоннинг этагин ўпгач:

– Сизга фидо бўлсин хуфия бу жоним, Сирни билиб келдим, тингланг, ҳоқоним:

Уларда бир орзу, бир ният экан, Ҳаммаси жипс экан, ҳамжиҳат экан.

Ўрнидан қалқаркан бойми, камбағал, Ватан деган сўзни эшитган маҳал.

Ҳоқон сўз демади, оғир тин олди, Тахтига ёнбошлаб, ўйланиб қолди.

Деди: – Бундай юртни олиб бўлмайди, Олсанг ҳам, измингга солиб бўлмайди.

Сафарнинг бу йўлин ёпингиз менга, Тарқоқроқ давлатни топингиз менга.

10.05.2015


Arxiv
bottom of page