top of page

АДОЛАТ


Менинг битта армоним бор,

Кимлигинг билмай,

Сен ҳақингда чиқармасин биров хулоса.

Лекин юзсиз рақибларинг андиша қилмай,

Титкилайди таржимаи ҳолингни роса.

Кўзи очиқ ҳар нарсани албатта кўрар,

Ажратолмай қолар гоҳо руҳ ва жисмни.

Бир қарасанг, шайтонлар ҳам кўтариб юрар,

Ота-онанг Абдулла деб қўйган исмни.

Ташна чоғинг, намакобни узатса тақдир,

Дейсан, ушбу ишорада маъно бор, катта.

Балки сувни ичолмассан, лекин барибир,

Шукроналар айтмоғинг шарт дилдан, албатта.

Бу дунёга келгандаёқ башар фарзанди,

Қўл-оёғин бешигига қўярлар боғлаб.

Улғайганда фикрини ҳам этурлар банди,

У бир умр ўтажакдир кўксини доғлаб.

Олдда эса кутиб турар поёнсиз хилқат,

Рост далага куппа-кундуз экурлар ёлғон.

Ақлни-чи, оёқ ости қилгайлар ҳар вақт,

Лекин бу сўз нодонларга бўлгайдир қалқон.

Ҳасрат билан кўз ташлайсан яйдоқ оламга,

Хаёлингга кела бошлар ҳар ҳил бадбин ўй.

Ҳатто йўлда кетаётган айбсиз одамга,

Дабдурустдан тош отади худбин ҳасадгўй.

Қўйсалар-да сени ипак кўрпага ўраб,

Орасига кириб олиб, чақар чаёнлар.

Ахир қайга борар эдинг ҳимоя сўраб,

Ўз ичингдан чиқар бўлса ўша ёмонлар.

Қанча-қанча назмчини кўрдим дунёда,

Тиши ўткир, аммо лекин қалами эмас.

Сохта шуҳрат аслиятдан доим зиёда,

Афсус, улар бир ҳаводан олгайдир нафас.

Аравамни ўзим тортдим, очиқ айтганда,

Чумолига озор бермас озурда жонман.

Билатуриб, найзаларинг санчасан, банда,

Ўйламассан, мен ҳам ахир сендек инсонман.

Агар чиндан одил бўлсанг – пойингда дунё,

Мана - оғоч, мана – арқон, билганингни қил.

Иродангга қарши чиқмас ҳеч кимса асло,

Дор тагига ўзи боргай, шуни яхши бил!

7.12.2015


Arxiv
bottom of page