top of page

ХАЁЛ ВА ҲАЁТ


Магар чиқиб кетсам тоғларга томон, Бўлардим айиқлар билан суҳбатдош. Дўлана терардим балки ёнма-ён, Меҳрибон дўстлардек туну кун йўлдош.

Шўнғиб кетсам агар теран уммонга, Сувларнинг остида юрардим яшаб. Балиқда тоқат йўқ шовқин-суронга, Улар бақирмайди бизларга ўхшаб.

Бир кун осмонларга айласам парвоз, Турналар сафида чаппор урардим. Танишдир юлдузлар чалиб турган соз, Базмига қўшилиб, жўр ҳам бўлардим.

Бу гаплар амалга ошмагай асло, Энди хаёл билан қолганман буткул. Бошқа бировни-ку айтмангиз, ҳатто Набирам кўнглига тополмасман йўл.

Ҳануз тараққиёт тўхтаган эмас, Ғордан чиққан каби шу зум одамзот. Турфа синовларга кела олди бас, Лекин ўзлигини унутди, ҳайҳот!

Афсус, қалбсизликка юз бурди Инсон, Ақчадир суянган мураббийси ҳам. Туйғулар бир четда қолдилар ҳайрон, Бевақт нафақага чиққандек одам.

Ҳеч кимнинг сен билан иши йўқ зарра, Майли, кўк тоқига чироғингни ос. Исмингни сўрашмас ҳатто бир карра, Фалон рақамдаги бандасан, холос.

30.04.2016.


Arxiv
bottom of page