top of page

ТУҒИЛИШ


Юришни ўрганди болакай сал-пал, Орқада кузатар ота ва она. Оҳ, ушбу кўриниш нақадар гўзал, Минглаб оилага орзу - ягона.

Суринмай улғайсин майли болакай, Умр фаслларин гаштини сурсин. Лекин, пайти келгач ким бўлар, ҳай-ҳай, Ҳаёт елканини у қайга бурсин.

Бир чўқиб атрофга ўн бор қараса, Ҳар кимнинг юзига боқса жовдираб. Кошкийди шу ҳолда корга яраса, Суянчиғи йўқ-ку тургувчи қараб.

Бировдан берухсат ҳатто кулмаган, Билмас, муроди не - обрўми, пулдир. Унда мустақиллик ўзи бўлмаган, Унда у мутедир, энди у қулдир.

Йўлин қора мушук кесиб ўтган дам, Дод! - дея йигитлик оридан тонса. Ёмон туш кўрганда улуғ ёшда ҳам, Эна, энажон! - деб йиғлаб уйғонса.

Мен бундай касларни топмадим ўйлаб, Шеърни ҳам ёзмадим асло атайин. Қофия устида етмиш йил ўйнаб, Бир жиддий гапни ҳам энди айтайин.

Бу қавмнинг қимати йўқдир мутлақо, Лекин омад доим уларга ўртоқ. Пастда муносиблар қолиб, ажабо, Тўрга ўтиб олар ўшалар кўпроқ.

Кўзимиз қораси азиз зурёдлар, Ҳаттоки тантиқдир, ғоятда суюк. Оҳ, қайдан келаркан фидойи зотлар, Қайдан туғиларкан ботирлар буюк.

Магар бўлганда ҳам қиёмат қойим, Дегайман, етгунча сўнгги нафасим. Комил инсонларни қўмсарман доим, Улуғ сиймоларга келгай ҳавасим.

18.04.02015


Arxiv
bottom of page