top of page

КОСМОДРОМ


Космодромга тун чўкар аста, Чор-теварак одамга тўлиқ. Бир томонга сотилган чипта, Марсга бориш. Лекин қайтиш йўқ.

Ер юзини босган сукунат, Жуда оғир, жуда ҳам оғир. Олис юлдуз милтирар фақат, Кўз ёшидек томчилар ёмғир.

Радионинг босиқ овози Бу ҳолатни бузар дамбадам: – Инсоният сизлардан рози, Розидирсиз ахир сизлар ҳам.

Фазогирлар рўйхатин кимдир, Сўнгги марта ўқиб, йўқлайди. Ҳайрат ичра оломон жимдир, Фақат биров пиқ-пиқ йиғлайди.

Одамзотнинг тарихида бу, Рўй бермоқда бамисоли туш. Айрилишар тириклай мангу, Бўлиб ўтар сўнгги хайр-хуш.

Бир ҳасадгўй қийқирар шу он: – Ёвим кетди, энди мен ҳурман. Билиб қўйгин, эй кўҳна жаҳон, Ўзим қолдим, ҳаммадан зўрман!

17.05.2015


Arxiv
bottom of page