top of page

АНГЛАШ


Қандоқ таъсир қилди сенга у байрам, Нечук вайрон этди ёки у фироқ? Магар авлиёлар пири бўлса ҳам, Сени англаёлмас сендан яхшироқ.

Ўзингдан бошқанинг ҳаммаси улуғ, Эгалик қилишар умрингга тўлиқ. Кўзинг ҳозир намми ва ёки қуруқ, Сени англаёлмас сендан яхшироқ.

Олим таҳлил қилар ёзган шеърингни, Аввал сўраб олар туққан ерингни, Сўнгра айта бошлар нима дерингни, Сени англаёлмас сендан яхшироқ.

Ёвлар қуршовида улғайдинг, ўсдинг, Гоҳо номинг билан йўлларин тўсдинг, Ҳатто жигарбандинг, ҳаттоки дўстинг, Сени англаёлмас сендан яхшироқ.

Фақат англар сени яратган Худо, Муштипар она ҳам эмас мустасно. Лекин ўтаверсин ҳар икки дунё, Сени англаёлмас сендан яхшироқ.

18. 05. 2015


Arxiv
bottom of page