top of page

ЁЛҒОНЧИ ҲАҚИДА БАЛЛАДА


Балки кўрдим мен узоқ умр,

Кўп нарсадан чарчадим, нетай.

Бошим эгиб, сўрайман узр,

Ёлғон айтма, садағанг кетай.

Яширайин кемтикларингни,

Артиб қўяй этикларингни.

Йўқот ўша ўтрикларингни,

Ёлғон айтма, садағанг кетай.

Шу чиқдими камтарин жондан,

Шайтонликда ўтдинг шайтондан.

Худодан қўрқ, қўрққин иймондан,

Ёлғон айтма, садағанг кетай.

Дейсан, ўйнаб, кулган мен - ўзим,

Роса кучга тўлган мен - ўзим.

Ким бўлсам ҳам бўлган мен - ўзим,

Ёлғон айтма, садағанг кетай.

Эслайсанми, ёшлик паллангни,

Айтолмасдинг ҳатто яллангни.

Ишлатдилар қовоқ каллангни,

Ёлғон айтма, садағанг кетай.

Одамзодга лойиқ ишни қил,

Бордир сендан бошқалар ҳам, бил.

Нелар демас суяксиз бу тил,

Ёлғон айтма, садағанг кетай.

Икки дунё бўлмассан обод,

Сен соғларнинг белидаги бод.

Келтиргайсан ҳар жойда иснод,

Ёлғон айтма, садағанг кетай.

А.Қ.Ш. Хьюстон. 18.08.2015


Arxiv
bottom of page